Мбаппедан ўта нохуш хабар
Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе жароҳат сабаб 2025-2026 йилги мавсумнинг охиригача жамоасининг қолган ўйинларида иштирок этмайди.
Бу ҳақда El Chiringuito TV канали X ижтимоий тармоғида хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, Мбаппенинг жароҳати аввал ўйлангандан кўра жиддийроқ бўлиб чиққан. Клуб томонидан Килиан билан боғлиқ вазият бўйича расмий маълумот тез орада берилади.
Аввалроқ Мбаппеда чап оёқ орқа сон пайларида ортиқча юклама бўлгани хабар қилинган эди. Франциялик ҳужумчи Испания чемпионатининг 32-турида “Бетис”га қарши ўйинда (1:1) 81-дақиқада алмаштирилган.
Жорий Ла Лига мавсумида Мбаппе 28 та ўйинда иштирок этиб, 24 та гол ва 4 та голли узатма билан ажралиб турди.
Таъкидлаш жоизки, Килиан февраль–март ойларида тизза муаммолари сабаб “Реал” ўйинларида иштирок этмаган эди. Шу вақт мобайнида 27 ёшли ҳужумчи бешта ўйинни ўтказиб юборган.
Франциялик ишқибозлар Килиан Мбаппе 2026 йилги жаҳон чемпионатига қадар жароҳатларидан қутилиб, саломатлиги ва спорт формасини тўлиқ тиклаб олишидан умид қилмоқда.

Фикрлар