
Менга “Челси”ни беринглар!
“Челси” тарихидаги энг зўр футболчилардан бири Жон Терри собиқ жамоасига бош мураббийлик қилиш орзуси билан яшамоқда.
Терри 2021 йили “Астон Вилла”да ёрдамчи мураббий вазифасини тарк этганидан бери катта футболга қайтишни кўзлаяпти. Жон бир неча маротаба бош мураббийлик қилишга уриниб кўрди. Бироқ ҳаракатлари самара бергани йўқ.
Ҳозир “Челси”нинг собиқ сардори клуб академиясида ишлаб юрибди.
- “Астон Вилла”ни тарк этишимга шахсий ва оилавий омиллар сабаб бўлганди. Лекин у ерда мазза қилиб ишладим.
Мен мураббийлик ишини яхши кўраман. Уч йил ёрдамчи бўлиб ишлаганидан кейин жамоани бошқаришга ҳам тайёр эдим. Бу масала бўйича бир-икки маротаба суҳбатларга бордим. Ҳар гал жавоб бир хил бўлди: “Сенинг бош мураббий сифатида тажрибанг йўқ!”.
Хўп, бун гапга қўшиламан, лекин иш бошламай туриб, ўша тажрибани қандай тўплайман? Мен тажрибага эга бўлишни, ишлашни истайман, лекин бунинг учун менга имкон берилгани йўқ.
Ҳали ҳамон мақсадим аниқ – бир кун келиб, “Челси”ни бош мураббий сифатида бошқаришни истайман, - деди Жон Терри.
Фикрлар