Менинг ўрнимга ёшларни чақиринг, деган гапни айта олмадим, терма жамоа эса иккита клубдан иборат эмас - "қарилик"ни тан олмаётган Жасур Ҳасанов ҳақида
“Сўғдиёна” таркибида тўп суриб келаётган Жасур Ҳасанов 37 ёш бўлишига қарамай, ҳали ҳамон юқори даражада ўйин кўрсатаётгани таҳсинга лойиқ. Одатда, бу ёшда камдан-кам футболчилар қолади ва улар ҳам доимий равишда фаоллик кўрсата олмайди. Бироқ Ҳасановдаги ҳолат умуман бошқача, унинг майдондаги тезлиги, дриблинг ва ҳаракатларини кўриб, сира 37 ёшга тўлганга ўхшамайди. Мана шундай чарм тўп усталарини ёшларга намуна қилиб кўрсатса арзийди.
Унинг фаолияти ҳам мақтаса арзигулик даражада чиқди. Ўзбекистон ва Қатар чемпиони бўлди. Сколаридек мутахассис билан ишлади. Юртимизда яна бошқа совринларни ҳам ютди. Миллий терма жамоада ҳам самарали тўп сурди. Хуллас, Жасур Ҳасанов эл назарига тушган футболчи сифатида ном қозонди.
Одатда, матбуотда доим ҳам кўриниш беравермайди ва у билан суҳбатлашишни истовчилар жуда кўп. Шундай бўлса ҳам Жасур бизнинг таклифимизни ерда қолдирмасликка қарор қилди. Унинг sports.uzга берган интервьюсида бир қатор қизиқарли мавзулар бўйича фикрлар жамланмаси мужассам бўлди.
- Жорий мавсумда 37 ёшда ҳам Жасур Ҳасановнинг тиниб-тинчимаётгани ва ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказаётгани тўғрисида кўплаб илиқ фикрларни эшитиб келяпмиз. Бундай ёшда қандай қилиб, олдингидек фаол тўп сура оляпсиз?
- 37 ёшда бўлсам ҳам фаолиятимни давом эттиряпман ва “Сўғдиёна”даман. Бундай ўйин кўрсатишимга асосий сабаб менинг доим профессионаллик ҳолатим билан боғлиқ. Ҳар сафар ўйиндан-ўйинга тайёрланиб бораман. Ўзбекистон чемпионатида бу ёшда 80-90 дақиқа ўйнай оладиган футболчилар кам. Юқоридагиларни ўзимнинг режимим ва кун тартибимдан келиб чиқиб айтяпман. Ҳар учрашувдан кейин ёшларга маслаҳатларимни айтаман. Қандай тайёргарлик кўриши спортчининг ўзига боғлиқ. Шу ёшимга нисбатан ҳам ўзимга жуда эътиборли ва талабчаман. Яна бир йил ўйнайманми ёки икки йилми, барибир кучим етганича Ўзбекистон чемпионатида тўп сураман. Аммо Суперлигамизда бемалол яна 3-4 йил иштирок эта оламан.
- Юқоридаги саволнинг давоми сифатида яна шуни айтиш мумкинки, ҳозирги ҳолатингизда жисмоний тайёргарлигингиз ҳаммани ҳайрон қолдираётгани ҳам рост. Қўшимча машғулотлар ўтказасизми?
- Қўшимча машқ қилмайман-ку, лекин менда катта тажриба мактаби бўлган. Қалб барибир ёшлигича қолади. Миржалол Қосимовдан битта гап эшитганман: мени ёшим ва организмим тўғри келмайди, деганди. Кимлардир бу қария, деб айтиши мумкин. Терма жамоага борганимда бу ёшларга жой бўшатиб бермайдими, деган турли гап-сўзлар бўлади. Ҳозирги ёшларни ўзимнинг жамоамда ҳам, бошқа клубларда ҳам кўриб келяпман. Бугунги кундаги ёшларда иштиёқ йўқ. Олдинга интилиш, келажагимни ўйлашим лозим, деган мақсадларни кўзлаётганлар кам. Масалан, ўзим миллий термада, Қатарда, Дубайда, етакчи клубларимизда тўп сурдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, чиндан ҳам ёшларимизда ўзига эътибори етарли эмас. Менинг ёшлигим шундай ўтганки, ҳаттоки уйимга ҳам бормаганман, стадионда қолиб, кейинги машғулотга тайёргарлик кўрардим. Мана, чемпионатимизда рестартдан кейин “Пахтакор”ни ютдик ва яна бошқа ижобий натижалар кўрсатдик. Адашмасам, июнь ойининг энг яхши футболчиси бўлдим. Бу 37 ёшимда мен учун яна бир хурсандчилик. Ундан кейин “Бунёдкор” билан учрашувдан сўнг тур футболчиси бўлдим. Матбуотни кузатиб борамиз, ҳар ўйиндан сўнг турнинг рамзий терма жамоасига мени ҳам киритишяпти. Ёшларга эса ўрнимда аслида сизлар бўлишинглар керак, дейман. Улуғбек Бақоев қайсидир интервьюсида ёшлар Жасур Ҳасановдан ўрнак олсин, деб айтди-ку. Биласизми, шу ёшимда ҳам ўз устимдан бир эмас, икки баробар кўп ишлайман. Футболни танлаб, шунинг нонини едим ва бу соҳани яхши биламан.
- “Сўғдиёна”да ҳозиргача барча 22 та учрашувда иштирок этдингиз. Кўрсаткичларингиз шундайки, 7 та голга ассистентлик вазифани бажардингиз ва ўзингиз 4 та гол урдингиз. Жамоа ўйини эса гўёки сизга боғлангандек таассурот уйғотяпти. Агар бирор футболчи тўпни эгаллаган заҳоти майдонда сизни қидиряпти. Бу қанчалик тўғри? Вақти келиб клубдан кетганингизда жамоанинг ўйин схемасига таъсир қилса керак?!
- Яхши савол. Майдонга чиққанимда гол уриш ёки бошқаси эмас, балки фақат жамоамнинг ғалабасини хоҳлайман. Гол урдим нима, урмадим нима?! Менинг асосий вазифам ассистентлик. Инстаграм саҳифамда бир одам менга “дружба” жўнатибди. Унда бир хабарни ўқиб ўзимга хулоса қилдим. Яъни, Черан, Машарипов ва Ҳасанов Ўзбекистон чемпионатида энг кўп хавфли вазиятларни ва ассистентликни бажариш бўйича фаоллик кўрсатишгани айтилган. Майдонга тушганимда қўлимдан келганича жамоамнинг ғалабасини истайман. Кўп маротаба ғолиб бўлганман. Ҳаётим ва фаолиятим давомида қандай қилиб эл назарига тушганимни, қандай ютуқларга эришганимни ёшларимизга айтиб келаман. Масалан, мамлакатни санъат билан спорт кўпроқ танитади. Ўзимдан-ўзим Жасур Ҳасанов бўлиб қолганим йўқ. Ҳаммаси меҳнатим орқали. Аввало Яратган эгам мени шундай даражага етказгани учун доим шукр келтираман. Балки эртага мураббий ёки бизнесмен бўларман, Худо нимани ихтиёр қилган бўлса, шу бўлади.
- Сиздаги яна бир устунлик томонларингиздан бири шу бўлганки, фаолиятингиз давомида кўплаб тажрибали мутахассислар билан ишладингиз. Айтинг-чи, футболдаги ҳаётингизда туб бурилиш ясагани учун қайси мураббийга ҳалигача раҳмат айтасиз.
- Тўғри саволни бердингиз. Ростдан анча мураббийлар билан бирга ишладим. Ўзбекистон чемпионатида кимнинг қанақа мураббийлигини ўзим учун зўр биламан. Мен учун энг яхши мураббийлар – Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев ва Луис Фелипе Сколари. “Насаф”да ўйнаганимда Рўзиқул акани қандай мураббий эканини бир қарашдаёқ билганман. Бақоев эса ҳозирги кунда менинг мураббийим. Олдин ўзи билан бирга тўп сурганман ва битта хонада яшаганмиз.
- Қачондир Европага кетиш учун сизда имконият бўлганми?
- Европадан чорлов бўлмаган-ку, аммо ёдингизда бўлса, “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар лигасида Австралияда “Аделаида” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб қайтган. Ўша учрашувда жарима зарбасидан гол ургандим. Тошкентдаги жавоб ўйинини эса Жар стадионида ўтказганмиз ва ўша баҳсда Алибобо Раҳматуллаевнинг голи билан чорак финалга чиққандик. Ўша ўйиндан кейин “Аделаида” клуби мени ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлган. Уларга “Бунёдкор” билан шартномам бор, клубим билан гаплашинглар, деб айтгандим.
- Фаолиятингиз мобайнида кўплаб ғалабалар ва совринларни ютишга ўргангансиз. Бугунги кунда Жасур Ҳасановга ана шундай муваффақиятлар етишмаяптими?
- Ҳар бир футболчи соврин ютгиси келади. Кўрдингиз, бу йил пандемия сабабли чемпионат тўхтатилди, кейин ўйинлар марказлашган ҳолда ўтди. Футболимиз раҳбарияти бу томонлама тўғри ёндашишди, деб ўйлайман. Лекин вазият қийин эди. Чунки футболчиларда касалликлар чиқди. Бу йилги чемпионатимиз пандемия ҳисобига унчалик сермаҳсул ўтмади. Аммо пандемияни енгиб ўтамиз, деб ишонаман. Авваламбор, Юртбошимизга биз учун яхши шароитлар яратиб берганига миннатдорчилик билдираман. Ҳаёт давом этади. Масалан, бу йил совриндор бўлмаган бўлсак, балки келаси йилга эришармиз. Бундан фожеа ясамайман. Балки “Сўғдиёна” жамоаси кейинчалик Ўзбекистон кубоги ёки чемпиони бўлар, бу – футбол. Ким ўйлабди, пандемиядан кейин “Пахтакор”ни “Сўғдиёна” ютишини. Ўша ўйиндан сўнг, Тошкентда “Локомотив” майдонида ҳам ғалаба қозондик. Кўряпсизми, бу – футбол. Бу мураббийнинг тўғри танлаган йўли. Мисол учун соврин ютяпман ёки юта олмаяпман деб афсусланмайман. Ҳозир иккита фарзандим ҳам футбол билан шуғулланяпти. Каттаси “Бунёдкор”да, кичиги “Локомотив”да. Уларга ҳам доим тўғри маслаҳат бераман. Ҳаётда ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришилади. Чиройли ўйини, ташқи кўриниши ёки бутсаси билан эмас. Шуларни иккала фарзандларимга таъкидлаб келаман.
- Нима учун биттасини “Бунёдкор”да ва иккинчисини “Локомотив” мактабига бердингиз?
- Буни болаларимнинг ўзи танлаган. Ўзим эса “Бунёдкор”да ҳам, “Локомотив”да ҳам ўйнаганман. Ҳар турдан кейин “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Сўғдиёна” қанақа ўйнаганини оилавий муҳокама қиламиз.
- Шунингдек, сизни яқинда Вадим Абрамов миллий терма жамоа йиғинига ҳам чақирганди. Ўшанда таклиф бўлишини кутганмисиз ва сизни терма жамоада қандай қабул қилишди?
- Миллий терма жамоадан чақирув бўлиши кутилмаган ҳол бўлди. У ерга борганимдан кейин Вадим Карленович билан гаплашдим. Жамоангдаги зўри бўлганинг учун чақирдим деди. Бунгача озми-кўпми, миллий термада тўп сурдим. Мураббийга эса ундан кўра ёшларни чақириб, ўйнатинг деган гапни айта олмадим. Мухлислар ҳар хил изоҳлар ёзишади. Уни ёки буни чақирибди, деб гапиришади. Лекин кимни чақириш ё чақирмаслик бу мураббийнинг қарори. У кимни хоҳласа ўшани таклиф қилади. Терма жамоамизда 60 га яқин учрашувларда ўйнаган бўлсам ҳам ҳозир миллий термамиз биланман. Чунки мен ўзбек фарзандиман. Биз муваффақиятларга эриша олмадик. Терма жамоамизнинг мундиалга чиқишини жуда хоҳлайман. Боя айтганимдек, термага кимларни чақириш бу мураббийнинг танлови, унинг ишига ҳеч ким аралаша олмайди. Негаки, эртага натижага жавоб берадиган ҳам унинг ўзи. Лекин терма жамоада фақат “Бунёдкор”, “Пахтакор” ва легионерларни эмас, яна бошқа клублардан ҳам футболчиларни синаб кўришини истайман. Бошқа клубларда ҳам яхши ўйинчилар бор. Мен фақат ўзимнинг шахсий фикримни айтяпман. Чунки Суперлигамизда 14 та клуб бор. Терма жамоамиз эса икки-учта клубга боғланиб қолмаслиги керак. Керак бўлса, про-лигадан ҳам кўрсин. Вақтида жаҳоннинг кўзга кўринган мураббийи билан ишлаганман. Ундан яхшигина сабоқ олганман. Юқорида айтганимдек, Суперлигамизда 14 та клубимиз бор, бошқа гапим йўқ.
- Ҳаммага ҳам жаҳондаги топ-мураббийлардан бири билан ишлаш насиб қилмайди. Сиз Сколари қўли остида тўп суришга муваффақ бўлдингиз. Шу боис у ҳақида бошқаларга қараганда, қандай фикр билдиришни яхши биласиз. Сколари нимаси билан ажралиб туради?
- Ҳар бир мураббийнинг услуби бор. Футболчилар билан қандай муомалада бўлиши ҳам муҳим. Сколари 2009 ва 2010 йилларда “Бунёдкор”да ишлади. Мен эса унинг қўлида икки йилча ўйнадим. Сколари туфайли кейин Қатарга кетдим, “Лаҳвия” клубига. Бу ҳозирги “Духайл”. Бразилиялик мутахассисдан ўрганганларим жуда кўп. Қайсидир пайт олдига чақириб, тўғри маслаҳат берарди. Яна қайсидир пайтда эса танбеҳ берарди. Ўшанда ундан хафа бўлардим. Дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлган Ривалдо менга, хафа бўлма, у тўғри маслаҳат беради ва сени тўғри йўналишга солади, дерди. Бундай инсонларни қадрлайман.
- Орадан анча йиллар ўтди. Ривалдо ёки Сколари билан алоқа сақлаб қолинганми?
- Улар билан гаплашмайман. Аммо ўшалар билан гаплашадиган одамлар бор. Ҳозиргача ўшалардан улар ҳақида сўрайман ва номимдан салом айтиб қўйишини айтаман.
- Бир ярим йилдан бери “Сўғдиёна”да тўп суряпсиз. Яна клубда фаолиятингизни давом эттирасизми ёки кетмоқчимисиз?
- Аниқ жавобни эшитгингиз келяптими? 37 га тўлиб, 38 га қараб кетдим. Шу ёшимга қарамасдан, менга тўртта жамоадан жиддий қизиқиш бор. Биринчи даврадан кейин ҳам таклифлар бўлди. Олдинда эса шартномам, тўртта ўйин ва кубок ўйинлари бор. Шундан сўнг, бош мураббий ва клуб президенти билан гаплашамиз. Уларни жуда ҳурмат қиламан. Ўшалар билан маслаҳатлашамиз, уларсиз бир қарорга келмайман. Доим борган жойимда ютуқларга эришишни истайман. Чунки ғалабаларга ўрганган футболчиман.
Фикрлар