Месси: Барселонага қайтаман!
Аргентина терма жамоаси ва “Интер Майами” футболчиси Лионель Месси оиласи билан Барселона шаҳрига қайтиш истаги борлигини маълум қилди.
- Биз Барселонани жуда соғинамиз. Рафиқам ва фарзандларим билан ҳар доим Барселона ҳақида гаплашамиз. Биз бу шаҳарга яшаш учун қайтишни хоҳлаймиз. У ерда уйимиз бор, бу шаҳардан истаган нарсамизни топишимиз мумкин, - деди Лионель Месси.
Месси 2003-2021 йиллар давомида “Барселона” тизимида фаолият юритган. Каталонияликлар тарбияланувчиси бош жамоа учун 778 та учрашувда майдонга тушиб, 672 та гол ва 303 та ассист қайд этган.
Саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби “Барселона” таркибида ўн марта Испания чемпиони, етти маротаба мамлакат кубоги ғолиб бўлган. Шунингдек, Европа Чемпионлар лигасида тўрт бор бош совринга эга чиққан.
2021 йили клубнинг молиявий аҳволи Лионель Мессини Каталонияни тарк этишга мажбур қилди. Аввалига икки йил “Пари Сен-Жермен”да ўйнаган юлдуз 2023 йилнинг ёзидан “Интер Майами”да тўп тепиб келмоқда.



Фикрлар