Месси туфайли терма жамоадан кетадиганлар тўрттага етди
Аргентина терма жамоасидаги бир қатор етакчи футболчилар Лионель Мессининг терма жамоадан кетиши ортидан халқаро фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаяпти, деб хабар бермоқда Footynewsonly манбаси.
Манбага кўра, Аргентина футболидаги “олтин авлод” Месси термани тарк этганидан кейин жамоа билан оммавий равишда хайрлашишни бошлаши мумкин.
- Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлагани эълон қилингач, миллий жамоанинг бир нечта тажрибали футболчилари ўз келажаги ҳақида жиддий ўйлашга киришган.
Хусусан, Леандро Паредес терма жамоадаги ўйинларни давом эттириш унга жуда қийин бўлишини айтган. Дарвозабон Эмилиано Мартинес ва ҳимоячи Николас Тальяфико ҳам ўзининг кейинги тақдири борасида аниқ қарорга келмаганини билдирган. Яна бир тажрибали футболчи — Николас Отаменди эса терма жамоадан кетишини аллақачон расман маълум қилган.
Шу тариқа, Аргентина терма жамоасида бутун бир давр якунланаётгани таъкидланмоқда.
Копа Америка–2021, жаҳон чемпионати–2022 ва Копа Америка–2024 мусобақаларида ғолиб чиққан авлод аста-секин миллий жамоа билан хайрлашишни бошлади.
Аввалроқ Анхель Ди Мария термадан кетган эди, энди эса Месси ва Отаменди сафдан чиқди. Портал ёзишича, яқин вақт ичида бошқа футболчилар ҳам улар изидан бориши мумкин. “Аргентина эндиликда аввалгидек бўлмайди”, — дея хулоса қилади Football News нашри.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси 31 август куни расман терма жамоа сафидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бу қарор унинг сўнгги халқаро ўйини — 2026 йилги жаҳон чемпионати финали — ўтказилганидан бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач қабул қилинди. Ушбу ҳал қилувчи баҳсда Аргентина Испанияга қўшимча дақиқаларда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
39 ёшли капитан 21 йил давом этган терма жамоа карьераси мобайнида 207 ўйин ўтказиб, 125 та гол урди. У Аргентинани Қатардаги (2022) жаҳон чемпионлигига етаклади, икки марта Копа Америкада (2021, 2024) ғолиб чиқди, 2022 йилда “Финалиссимо” совринини қўлга киритди, шунингдек, 2008 йил Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган.

Фикрлар