Месси учун интиҳо яқинлашмоқда - “эл-классико” олдидан муҳим фикрлар (превью)

24 октябрь санаси спортга чин дилдан мухлис ҳисобланган инсонлар учун оғир келиши аниқ. Бу қадар кўп спорт мусобақалари бўлиб ўтадиган кечада кундалик юмушлар билан банд бўлиш қийин. Бу каби эмоцияга бой кечадан кейин уйғониш ҳам янада қийин кечади. Нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу оқшомдан спорт ихлосмандлари фақатгина ютади. Уни эса “эл-классико”, деб аталмиш тарихий қарама-қаршилик очиб беради. 

Ушбу тўқнашув аввалидан, кўпчиликни қизиқтираётган муҳим саволларга жавоб ахтарамиз.

photo_2020-10-24_16-00-38 (2)

Ўзаро ўйинларда устунлик кимда?

Испания Ла Лигаси тарихида жамоалар нақд 180 та ўйинда ўзаро тўқнаш келган. Уларнинг 73 тасида мадридликлар, 72 тасида Каталония клуби зафар қучган. Яна 35 та беллашув дуранг натижа билан ниҳоясига етган. 

Қизиғи, ҳар иккала жамоа шу пайтгача Ла Лига доирасидаги тўқнашувларда 288 тадан гол уришга эришган. 

Ўзаро ўйинларда эришилган энг йирик натижалар “Реал”да 8:2, “Барса”да эса 7:2 кўринишида. Албатта, ушбу жамоаларнинг қарама-қаршиликларида бундан ҳам йирик ҳисоблар бўлган. Аммо ушбу баҳслар Ла Лига доирасида бўлиб ўтмагани туфайли юқоридаги натижаларни энг йирик ҳисоблар сифатида киритдик. Энг сермаҳсул ўйин сифатида 1943 йилда 5:5 ҳисобидаги дурангни қайд этишимиз мумкин. 

Ўтган мавсум ҳалокатли “Барселона” Ла Лигадаги ҳар иккала ўйинда мадридликлардан устун кела олмади ва таъбир жоиз бўлса, жуда кўп жабҳаларда имкониятни бой берди. 

photo_2020-10-24_16-00-38 (3)

Жамоаларнинг муаммоли чизиқлари қайси?

Ҳа, тўғри топдингиз: “Реал” марказий ҳимояси асосий устунисиз харобага айланиши бор гап. Рамоснинг ҳолатини эса 50 га 50 ҳам деб бўлмайди. Зидан Ла Лигадаги чемпионлик пойгасини ўйлаб, “Барса”га қарши беллашувлар даражасини ҳис қилган ҳолда, “эл-капитано” хизматига мурожаат этиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, футболчининг соғлиги масаласи устувор бўлиши лозим. Франциялик мутахассисга эса футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳақида қайғуришни уқтириш шарт эмас. У Рамоснинг ўзи ёлворган тақдирда ҳам, тайёр бўлмаса, майдонга туширмайди. 

Зидан “Реал”га яхши келажак тақдим этувчи жамоани тузиш ниятида иш олиб бормоқда. У клубга йиғган ёшларнинг катта натижалар келтиришига эса бироз вақт керак. Аммо мадридликлар шу қадар катта номки, мухлислари 1 йилга ҳам муваффақиятсизликни қабул қила олмайди. 

Устига-устак, Зиданнинг ўзи ҳам маррани баланд олди. Кетма-кет 3 марта Чемпионлар Лигаси ғолибига айлантирган мураббийдан “Реал” мухлислари яна ва яна ғалабалар кутишади. Бу каби катта совринларга ўрганиб қолган мухлислар учун “Кадис” ва “Шахтёр”дан учралган мағлубиятлар шармандали ҳисобдек қабул қилинади. Кетма-кет учинчи ўйиндаги мағлубият ва энг ёмони, “Барса”дан қабул қилинса, Зиданнинг улкан мавқейига ҳам путур ета бошлайди. 

“Барселона”да ҳам катта муаммо мудофаада. Аввало, Тер Штегенсиз ўйнашга мажбур бўлаётган “кўк-анорранглилар” муҳим ўйин олдидан Нетуга суянишга мажбур бўлади. Унинг устига, ўнг қанот ҳимоясида асли ярим ҳимоячи бўлган Сержи Роберто ва ҳали 20 ёшга ҳам кирмаган Сержиньо Дест ўйнамоқда. Ушбу қанот Винисиуснинг тезкор рейдларига тўлиқ жавоб бера оладигандек кўринмаяпти. “Блаугранас”нинг америкалик янги ҳимоячиси ҳақидаги илк таассуротлар ижобий. Бироқ у ҳали катта беллашувлар синовидан ўтиб улгурмади. 

photo_2020-10-24_16-00-38

Тақвим муаммолари

Бу борада, асосан, каталонияликлар муаммоларга дуч келади. Сабаби, ушбу ўйинни ўтказиб олгач, бир неча кун ўтиб уларни “Ювентус”га қарши Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг жуда муҳим учрашуви кутиб турибди. 

“Реал”да ҳам худди шундай тақвим. Бироқ уларда рақиблар ном жиҳатидан пастроқ даражада. Клубни ноябрь сўнгида анча қийин тақвим кутиб турибди. Аммо ҳали у пайтгача анча муддат бор ва ўртада ФИФА кунлари ҳам мавжуд. 

photo_2020-10-24_16-00-39

Куман қуришга бел боғлаган янги жамоа ва Месси

“Барселона”да тозалаш ишлари бўлиб ўтди. Аммо клуб бренди бўлиб турган Мессини жамоада олиб қолишни ният қилмоқдалар. Ўз вақтида, айнан Леонинг жамоада тобора кўтарилиб бораётган мавқейи сабаб, Роналдиньо “блаугранас”ни тарк этганди. Месси ҳам шу йўлни ихтиёр этган кўринади. Барча ўринбосар сифатида Фатини кўраётгани ҳам айни ҳақиқат. Аммо испаниялик ёш футболчи Роннини кетказишга қодир бўлган Лео даражасига чиқиб улгурдимикан? Менимча, йўқ ва бунга камида 2 мавсум стабил ўйин намойиш этиш керак. 

Аксарият мухлислар Мессининг жамоада қолиши президентлик сайловларига боғлиқ, деб ўйламоқда. Аслида, ҳамма нарса Куман ва у “Барса”га сингдирмоқчи бўлган фалсафанинг самарасида. Чунки, ҳар қандай ҳолатда ҳам, Бартомеу жамоадан мартда кетади. Нидерландиялик мутахассиснинг футболидан эса умид қилса бўлади. 

Мураббийлар фикрлари

Рональд Куман: “Ҳар икки жамоа футболчилари ҳам катта тажрибага эга. Мен “Реал”да мотивация бўйича муаммолар бор, деб ўйламайман. Биз ўзимизни тайёрлашимиз керак. Рақиб тўп билан сифатли ўйин намойиш эта олади. Сўнгги қарама-қаршиликларда “Реал” 4-4-2 схемасида ўйнаганини кузатдим. Улар ўтган мавсум “Барселона”га бўш ҳудудлар бермасликка ҳаракат қилдик. Рамос ўйнайдими ёки йўқ, дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири ва унинг жамоасига берадиган руҳий ёрдами беқиёс”.

Зинедин Зидан: “Класико бу - класико. Иккита катта жамоа ўзаро баҳс олиб боради. Ҳозирги вазият ва бўм-бўш стадионларга қарамай, ўйиннинг даражаси юқори. Шбу баҳс ўзимизга бўлган ишончни қайта тиклашимиз учун жуда мос келади. Биз сўнгги ўйинларда юзага келган муаммолар гирдобидан чиқиб олмоқчимиз. Албатта, ўз ўйинимизга суянган ҳолда. 

Биламиз, Рамос бизнинг сардоримиз, етакчимиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг жисмоний ҳолати муҳим ҳисобланади. Биз футболчиларимиз билан таваккал қилишни хоҳламаймиз”.

koeman-zidane-marca

Хулоса ўрнида

Бугун шиддатли “Реал” ва ўтган мавсумдагидан хотиржамроқ “Барса”ни кўрамиз. Сабаби, натижалар “Қироллик клуби”да яхши эмас. Куман эса, ўзи қураётган жамоада натижаларни ҳам бериб турибди. Бироқ ушбу муваффақиятли ўйинлар нисбатан кучсиз жамоаларга қарши ўйинларда бўлиб ўтди. Мана, нидерландиялик мутахассиснинг салоҳиятига баҳо бериш учун яхши қарама-қаршиликлар. “Реал” ва “Ювентус” тўсиғидан талафотларсиз ўтиб олса, бу унинг ютуғи. Собиқ ҳимоячининг бахтига, ҳар иккала рақибнинг биттадан етакчиси майдонга тушмайди. 

Бироз ёшарган “Класико” бизни кутиб турибди. Фақат “эн-кластико”ларни (!) кўрадиган дўстларингизга Роналду, Суарес, Рамос, Иньеста қаерда эканлигини тушунтиришга мажбур бўласиз!

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!