Месси ва Роналду бир жамоада тўп суриши мумкин! Агар…
Дэвид Бекхэм АҚШга кўчиб ўтгач, ўз жамоаси – «Интер Майами»ни ташкил этди. Айни дамда, қаҳрамонимиз бутун мамлакатда футболни ривожлантириш ҳақида бош қотирмоқда. Унинг келажак учун тузиб қўйган режалари кўп. Бугун улардан айримлари билан ўртоқлашиб ўтамиз.
Афсоналар бир жамоада!
АҚШ Лео ва Криш учун бегона эмас. Айниқса, қуёшли Флоридани улар жуда яхши кўради. Гап шундаки, океан бўйида оила даврасида катта маош эвазига тўп суришнинг гашти ўзига яраша. Балки, шу боис бу футболчилар аллақачон АҚШдан ҳашаматли уйлар сотиб олгандир. Роналду нафақат уй-жой, балки каттагина бизнесни ҳам йўлга қўйиш арафасида турибди. Унинг "CR7" бренди тез орада АҚШни забт этиши тахмин қилинмоқда.
Аслида, Месси ва Роналдунинг келажакда АҚШда тўп суриши аниқ эди. Улар Яқин Шарқ клубларида катта пуллардан кўра, тинч ва эркин ҳаётни афзал кўришлари аниқ. Уларнинг имкониятлари ва талабларини қондириш эса, айни дамда фақат бир клубнинг қўлидан келади. Сезганингиздек, гап Дэвид Бекхэм ҳақида бормоқда. Собиқ футболчи ўз клуби имижини кўтариш мақсадида замонамиз юлдузларини МЛСга олиб келиши мумкин.
«Интер Майами»да нима гаплар?
Клуб ўзи учун муҳим рангларни танлаб олди. Қора ва пушти ранглар танлангани бежиз эмас. Жамоанинг дизайни билан Виктория Бекхэм шуғулланмоқда. Бекс жамоанинг келажаги порлоқ бўлиши учун Флоридадаги бадавлат ишбилармонларни шерик сифатида ўз командасига қўшиб олмоқда. Айни дамда, кубалик, япон ва бир нечта инглиз бизнесменлари жамоанинг акциядорлари саналади. Аслида, клуб раҳбарлари «Интер Майами» жамоасига Бекхэм номини бермоқчи эди, бироқ бунинг имкони бўлмади. Клуб рамзи сифатида эса, фламенго қуши танлади.
Ўтган мавсумда «Интер Майами» ёмон иштирок этмади. Биринчи уринишдаёқ, плей-офф йўлланмаси қўлга киритилди, аммо кейин омад клубни тарк этди. Плей-оффдаги мағлубиятдан сўнг, уругвайлик мураббий – Диего Алонсога 2021 йил 7 январь санасида чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди. Айни дамда, океанортида мавсумлар оралиғи. Шу боис, янги мавсумда «Интер Майами»ни янги бош мураббий бошқаради.
Шунингдек, клубнинг суягини тиклаган Пол МакДона ҳам ишдан олинди. Клуб академияси ва таркибини шакллантирган менежернинг ишидан Бекхэм қониқиш ҳосил қилгани йўқ. Шу боис, унга ўз миннатдорлигини билдирди ва истеъфога чиқарди. Айни дамда, узоқ йиллик режага эга янги менежер изланмоқда.
«Интер Майами» банкротга учраши ҳам мумкин!
Эндиликда, МЛСнинг мавқейи янада кўтарилиши аниқ. Сабаби, келаси мавсумда Канада футбол жамоалари ҳам турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Сўнгги маълумотларга қараганда, энди турнирда иштирок этувчилар сони 27 тани ташкил этмоқда. Бу иккита конференцияга бўлиниб, мусобақани ташкиллаштириш учун имконият. Шунингдек, янги мавсумдан бошлаб Техаснинг «Остин» жамоаси ҳам курашга киришади. Актёр МакКонахига тегишлилиги айтилаётган жамоа ҳам катта бюджетга эга.
Аслида, Бекс АҚШда футболдан улкан пуллар ишлаб топиш орзусидаги ягона шахс эмас. Бундай ишбилармонлар сони 20 дан ортиқ. Афсуски, пандемия футболдан пул ишлаб олиш ниятидагиларнинг режаларини барбод қилди. АҚШ клублари ўзларининг асосий даромадларини стадионга ташриф буюрган мухлислар сони билан ўлчашади. Шу боис, пандемия клубнинг келажагига рахна солмоқда. Ҳозирда, клуб 18 минг мухлисга мўлжалланган кичик аренада тўп суряпти. МЛС клуби учун ажойиб натижа, бироқ «Интер Майами» ўзи учун супер замонавий стадион қуриш ниятида. Клуб ўз бағрига 120 минг мухлисни сиғдиришга қодир стадион барпо этиш режасини тузиб қўйган. Арена атрофидаги кўнгилочар масканлар футбол учрашувлари йўқ кунлари ҳам фантастик даромад келтириши тахмин қилинмоқда. Афсуски, Иброҳимовичнинг МЛС ҳақида билдирган фикрларидан сўнг, океанортидаги ўйинларни томоша қилиш ниятидагилар сони камайиб кетди. Шундай бўлса-да, агар Бекс Роналду ва Мессининг бир жамоада тўп суришини таъминласа, бу бутун чемпионат учун олдинга ташланган қадам бўлиши турган гап. Бугунги кунда Дэвид жамоаси учун янги менежерларни изламоқда. Трансферлар бобида ҳам, унинг иштаҳаси карнай!
Юлдузлардан ҳеч бўлмаса биттаси МЛСга келиши шарт!
Аслида, Лео ва Криштианунинг бир жамоада тўп суриши қийин масала. Роналдунинг режалари қандай эканлигини номаълум, бироқ «Интер Майами» Месси билан музокараларни бошлаб юборган. Дэвид аргентиналик футболчига каттагина вилла ва йилига 5 миллион доллар маош беришга тайёр. Тўғри, бу воқеа икки-уч йилдан кейин содир бўлиши мумкин, бироқ амалга ошмайдиган орзу эмас!
Шундай бўлса-да, Месси учун «Интер Майами»дан ташқари, «Нью Йорк Сити» ҳам қизиқиб қолган. Шайхлар Месси учун курашда ғалаба қозониш учун қўлидан келган барча ишларни амалга ошириши турган гап. Шу боис, Бекхэм Мессидан ташқари Роналду билан ҳам алоқаларни яхшилаб бориш илинжида.
«Биз айни дамда Месси ва Роналду билан музокаралар олиб боряпмиз. Сайёрамиздаги бошқа жамоалар сингари, уларни бир хил либосда тўп суришидан умидвормиз. Ҳозир «Интер Майами»нинг таркиби яхши, бироқ биз доимо ўсишда давом этмоқчимиз».
Аслида, «Интер Майами»нинг имкониятлари бошқа Европа грандлариникидан кам эмас. Улар Игуаинни ҳеч қандай муаммосиз таркибга қўшиб олишди. Роналду ёки Месси учун ҳам жамоада пул топилади. Ҳозир клуб учун улардан ҳам муҳимроқ вазифа бор: клубга янги бош мураббийи керак. Инглиз нашрларининг маълум қилишича, нишонда Англия аёллар терма жамоаси бош мураббийи – Фил Невилл мавжуд. Улар ёшликдан бирга ўсган дўстлар. «The Sun» нашри берган маълумотларга қараганда, Невилл «Интер Майами»ни бошқариш мақсадида Англияни тарк этишга тайёр.
Клуб таркибида ажойиб номлар ва иқтидорли ёшлар мавжуд. Эндиликда, уларни бир кучга айлантириш ва чемпионлик учун кураш олиб борадиган жамоа ҳосил қилиш лозим. Писарро, Игуаин ва Матюиди ҳали натижа кўрсатишга қодир. Шундай бўлса-да, Роналду ёки Мессининг келиши катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Агар уларнинг иккиси ҳам келса, бу футболдаги улкан воқеа сифатида тарихда қолиши аниқ! Воқеалар ривожини SPORTS.uz билан кузатиб боринг!
Фикрлар