Муҳаммад Салоҳ трансфери барбод бўлди
Туркиянинг «Бешиктош» клуби футбол бўйича директори Ондёр Озён мисрлик ҳужумчи Муҳаммад Салоҳни жамоага олиб келиш эҳтимоли юзасидан изоҳ берди. Унинг сўзлари beIN SPORTS Türkiye телеканали орқали эълон қилинди.
- Муҳаммад Салоҳ — дунё миқёсида тан олинган юлдуз. Унинг халқаро нуфузи жуда юқори. Музокараларнинг дастлабки босқичида мен ва Винченцо Итальяно уч маротаба Муҳаммад Салоҳ билан суҳбатлашдик. Бироқ 21 июлдан бошлаб кузатилган ижобий суръат кейинчалик секинлашди, — деди Озён.
Унинг таъкидлашича, «Бешиктош» раҳбарияти ҳозирча Салоҳ трансфери бўйича ишларни тўхтатиб туриш қарорини қабул қилган.
- Президентимиз қаерда тўхташ кераклигини жуда тўғри баҳолади ва шу позицияда қолди. У оммабоп, популист қарор эмас, балки реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилди ва ҳозирча музокаралардан четга чиқди.
Муҳаммад Салоҳ билан боғлиқ масала биз учун ҳозирча орқа планга сурилди, — дея қўшимча қилди Озён.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Бешиктош» ёзда «Ливерпуль»ни тарк этган, 33 ёшли ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Турк клуби футболчи билан шартнома шартлари юзасидан музокаралар олиб борган, аммо томонлар ҳозирча келишувга эриша олмаган.

Фикрлар