Мундиал сари. Танишинг - Исландия терма жамоаси

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар аҳолиси 300 мингдан сал зиёдроқ бўлган, аммо сўнгги йилларда миллионлаб мухлисларига эга бўлиб улгурган, жаҳон чемпионатида илк маротаба иштирок этаётган Исландия терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Исландия терма жамоаси ҳақида яқин-яқингача кўпчилик деярли ахборотга эга эмас эди. Аммо, ушбу мамлакат ўзининг илк учрашувини 1930 йилнинг 29 июль куни Фарер оролларига қарши ўтказган.  Ўйин эса 1:0 ҳисобида эса исландияликларнинг ғалабаси билан якунланган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Исландия терма жамоаси ўз тарихида аввал ҳеч қачон жаҳон чемпионатларида иштирок этмаган. Аммо улар жорий йилнинг ёзида Россия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган мундиалда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишди. Демак, келинг ушбу тарихий воқеанинг қандай амалга оширилганини бир бошидан эслаймиз.

ЖЧ-2018 Европа қитъаси саралашининг “I” гуруҳидан жой олган Исландия бу босқичда Косова, Финляндия, Туркия, Украина ва Хорватия терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Гуруҳда 22 очко тўплаган исландлар мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма берувчи биринчи ўринни қўлга киритишди. Эътиборлиси, ушбу гуруҳда улар Хорватия, Украина ва Туркия каби анча номдор ва кучли рақибларига етарлича қаршилик кўрсатишди. Якунда эса ҳақли равишда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди.

Энди улар ушбу мусобақанинг “D” гуруҳида Аргентина, Нигерия ва саралаш босқичидаги гуруҳдоши Хорватия терма жамоаларига қарши баҳс юритишади. Ким билади дейсиз, балки саралаш босқичидаги Исландия эртаги яна давом этар...

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Эътиборлиси, Исландия терма жамоаси то 2016 йилги Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатига қадар ушбу мусобақада иштирок эта олмаган. Аммо исландларнинг “олтин авлоди” мухлисларининг ушбу орзусини амалга оширди.

Исландия Евро-2016 мусобақасининг “F” гуруҳида Португалия, Венгрия ва Австрия терма жамоалари билан бир гуруҳда жой олди. Улар илк турда анчайин номдор ва бўлажак чемпион ҳисобланган Португалия терма жамоаси билан тенгма-тенг кураш олиб боришди ва якунда 1:1 ҳисобида дурангга эришишди. Иккинчи турда эса ҳудди шу ҳисоб Венгрия терма жамоасига қарши ўйинда ҳам қайд этилди. Аммо, сўнгги турда Австрия терма жамоаси 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Шу тариқа 5 очко жамғарган Исландия гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритди ва плей-оффга йўл олди. Эътиборлиси, исландияликар нимчорак финалда кутилмаганда Англия терма жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этиб, мусобақадан чиқариб юборишди. Бироқ, чорак финалда уларни бўлажак финалчи, майдон эгалари Франция терма жамоаси кутиб турган эди. Голларга бой кечган баҳсда эса исландияликлар 5:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Шунга қарамай ушбу терма жамоа мусобақа давомида ўзига миллионлаб мухлислар ортириб олди.

Исландия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1985 йил 10 июль, Исландия – Фарер оролари 9:0.

Энг йирик мағлубияти: 1967 йил 23 август, Дания – Исландия 14:2.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Рунар Кристинссон (104).

Энг яхши тўпурар: Эйдур Гудьонсен (26).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 18-ўрин (2018).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 128-ўрин (1973).

Исландия терма жамоасига айни дамда 50 ёшли маҳаллий мутахассис Хеймир Халлгримссон устозлик қилмоқда. У бундан бир неча кун аввал терма жамоанинг ЖЧ-2018да иштирок этадиган 23 нафар футболчидан иборат якуний рўйхатни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Ханнес Халлдорсон («Раннерс»), Рунар Рунарссон («Норшелланн»), Фредерик Шрам («Роскилле»).

Ҳимоячилар: Кари Арнасон («Абердин»), Ари Скуласон («Локерен»), Биркир Севарссон («Валюр»), Сверрир Ингасон («Ростов»), Хордур Магнуссон («Бристоль Сити»), Холмар Эйолфссон («Левски»), Рагнар Сигурдссон («Ростов»), Самуэль Фридьонссон («Волеренга»).

Ярим ҳимоячилар: Йоханн Гудмундссон («Бёрнли»), Биркир Бьярнасон («Астон Вилла»), Арнор Траустасон («Рапид»), Эмил Холлфредссон («Удинезе»), Гилфи Сигурдссон («Эвертон»), Олафур Скуласон («Карабюкспор»), Арон Гуннарссон («Кардифф Сити»).

Ҳужумчилар: Альфред Финнбогасон («Аугсбург»), Бьорн Сигурдарсон («Ростов»), Йон Бодварссон («Рединг»), Рюрик Гисласон («Нюрнберг»), Альберт Гудмундссон («ПСВ Эйндховен»).

Маълумот учун, Исландия терма жамоаси мундиалдаги илк учрашувини 16 июнь куни Аргентинага қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!