Мухлислар учрашувни барбод қилди
Уларни тўхтатиб бўлмади
Нидерландияда "Витесс" ва "Де Графсхап" жамоалари ўртасидаги ўйин мухлислар сабаб бекор қилинди. Бу ҳақда маҳаллий NOS телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, "Де Графсхап"нинг сафардаги ўйинига келиши керак бўлган футболчилари Дутингемда стадионга чиқиб кетолмади. Сабаби – клубнинг ўз мухлислари жамоа автобусини йўлга чиқишдан олдин тўсиб қўйган.
Фанатлар Арнем шаҳридаги хавфсизлик комиссияси қарорига норозилик билдирган. Комиссия уларга "Гелредом" стадионига киришни тақиқлаган, бунга хавфсизлик бўйича келишувлар бузилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб сифатида кўрсатилган. Асосий шартга кўра, мухлислар олиб келадиган барча баннер, плакат ва байроқлар олдиндан текширувдан ўтиши керак эди.
Бу қатъий чоралар 2025 йил декабридаги воқеалардан сўнг жорий этилган. Ўшанда "Де Графсхап" мухлислари Арнемга "Витесс"га қарши ўйинга келиб, маҳаллий фанатлар ва полиция билан тўқнашувга киришган эди.
Клуб вакилининг таъкидлашича, вазият туфайли жамоа автобуси Дутингемдан чиқолмаган.
"Ҳозирги шароитда автобус йўлга чиқиши мумкин эмас. Кейинги ҳаракатлар бўйича манфаатдор томонлар билан доимий алоқада турибмиз", – дея маълум қилган у.
Шундан сўнг учрашувни умуман ўтказмаслик бўйича қарор қабул қилинди. "Витесс" ва "Де Графсхап" ўртасидаги ўйин қачон қайта белгиланиши ҳозирча маълум эмас.

Изоҳлар (0)