
Мухлислар ва мураббийнинг эҳтиросларини жунбушга келтирган Рисқуллаев
Хабарингиз бор Coca-Cola Суперлиганинг 10-турида мухлислар бир қатор қизиқарли ва кескин курашларга бой учрашувлар гувоҳи бўлишди. Бироқ, улар орасида “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари ўртасидаги ўйинни алоҳида тилга олмасликнинг иложи йўқ. Сабаби эса аниқ, яна ҳакамлар...
Тарихдан маълумки Ўзбекистон чемпионатининг энг ёрқин, шиддатли ва муросасиз баҳслари водий дербиларида кузатилади. Бу ерда мухлисларнинг футболга бўлган эътибори, меҳри юқорилиги сабаб ҳар бир дербидан сўнг ўринли ва ўринсиз муҳокамалар бошланиб кетади. Наманганда кечган “Навбаҳор” ва “Андижон” ўртасидаги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмади. Бироқ, наманганлик ишқибозларнинг бу сафарги эътирозларида чинданда ўринли. Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлаймиз.
Биринчи навбатда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳакамлар ва назоратчилар департаменти ушбу учрашувнинг аҳамиятини муносиб баҳолай олмади деб ҳисоблаган бўлардим. Чунки, одатда бундай ўйинларга анчайин тажрибали ва маҳоратли ҳакамларни қўйиш керак эди. Шукрки, бизда Равшан Эрматовдек дунё тан олган ҳакамимиз бор. У ўз меҳнатлари, ўйин тизгинини бир маромда сақлаб туриши ва албатта, адолатли қарорлари билан жаҳоннинг энг яхши рефериси номини қўлга киритган, мундиалларда рекордлар ўрнатган. Айнан у чемпионатимизнинг мана шундай мураккаб учрашувларида ишлаши керак. Аммо, ЎФА нега ушбу учрашувга айнан Эрматовдек ҳакамни эмас, балки бундан бир неча тур аввал номаълум муддатга четлатилган Аҳрол Рисқуллаевни тайинлади?
Рисқуллаев барибир бундай кучли босим остида ўтадиган ўйинларни бошқара олмаслиги яна бир бор аён бўлди. Унинг ўйин давомида йўл қўйган майда хатоларини санаб ўтирмоқчи эмасман. Агар шундай қилсам, мен ёзишдан, сиз эса ўқишдан зерикиб кетасиз. Келинг, яхшиси фақатгина ўйинни “бузиб” қўйган жуда қўпол хатога тўхталамиз. Биринчи бўлимдан сўнг 1:0 ҳисобида ортда бораётган “лочинлар” иккинчи бўлимда бор эътиборларини ҳужумга қаратишди. Кетма-кет ҳужумлар рақиб дарвозасига хавф сола бошлади. Аксария вазиятларда “Андижон” дарвозабони Виталий Мирний ўз сейвлари билан жамоаси жонига оро кирди. Бироқ, вазиятларнинг бирида унга ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов ҳам “кўмаклашиб” юборди. Аниқроғи, у тўппа-тўғри дарвоза томон кетаётган тўпни яққол қўли билан тўсиб қолди. Рисқуллаев эса бу вазиятни очиқчасига кўрмаганликка олди ва 100 фоизлик пенальтини бермади. Тўғри, агар ҳакам бу ҳолатни кўрмай қолган бўлиши мумкин дерсиз, лекин Рисқуллаевнинг нигоҳи дарвоза томонда эди. У кўзларини юмиб олган деб айтсангиз, қанот ҳакамлари ҳам унга қўшилиб кўзларини юмиб олишганмиди? Умуман олганда ёрдамчи ҳакамлар мана шундай баҳсли ҳолатларда бош ҳакамга ёрдам беришмаса, уларнинг нима кераги бор?
Учрашувни бевосита стадиондан туриб кузатган инсон сифатида айтишим мумкинки, ўйиндан сўнг майдонга турли буюмлар улоқтирилгани рост. “Навбаҳор” устози Андрей Канчельскиснинг матбуот анжуманида жиғи бийрон бўлиб, турли ҳақоратли сўзларни айтгани ҳам рост. Лекин, уларни бу қадар жунбушга келишларига сабаб ҳакам эмасми? Келинг, тан олайлик, уларни бунга адолатсиз ҳакамлик ундади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларидан бирида халқимиз ҳамма нарсага чидаши мумкин, бироқ, адолатсизликка чидан олмайди деган эди.
Энди ЎФА ҳеч қачон учрашув ҳисобини ўзгартирмайди ёки белгиланмаган пенальтини қайтариб бермайди. Аксинча, ЎФА стадионда тартибсизлик келтириб чиқаргани учун “Навбаҳор” мухлисларини, ҳакамларни танқид қилгани учун эса мураббийни жазолайди. Учрашув “қаҳрамони” Аҳрол Рисқуллаев эса нари борса доимгидек 2-3та ўйин кўринмай туради, кейин яна худди ҳеч нарса бўлмагандай ўз ишида давом этади.
Бу мақола орқали “Навбаҳор”ни ва наманганлик мухлисларни оқламоқчи эмасман. Чунки, бу ўйинда кузатилган ҳолатлар кейинги ўйинларда Самарқандда ёки Қаршида, Бухорода ёки Андижонда содир бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бермайди. Мен мухлислар ва мураббийларнинг жунбушга келишига биринчи навбатда ҳакамларнинг хатоси сабаб бўлишини айтмоқчиман холос.
Биз эса юқоридаги ҳолатлар юзасидан ЎФА қарорини кутиб қоламиз.
PS: ЎФА тартиб интизом қўмитаси Намангандаги воқеаларга ҳукм чиқаришдан олдин айтмоқчиман, “Навбаҳор”нинг мард мухлислари жуда кўп. Улар мағлубиятни ҳам, худди ғалаба билан бирдек мардларча қабул қилишади. Бироқ, “битта бузуқи подани чангитади” деганларидек шу куни майдонга турли буюмлар улоқтирган ғаламис мухлислар ҳам бўлди. Улар “Навбаҳор”нинг асл ишқибозлари эмас деб ҳисоблайман. Шу куни стадионда “Навбаҳор”нинг кўп сонли асл ишқибозлари ана шундай ножойиз ҳаракатларни амалга оширганлардан (бундайларни мухлис деб айтишга ҳам тил бормайди) бундай қилмасликларини илтимос қилишганини ўз қулоғим билан эшитдим, ўз кўзим билан кўрдим. Мухлислик маданиятига умуман тўғри келмайдиган бундай ишқибозлар айбига яраша жазоланишади. Бироқ, футболсиз яшай олмайдиган Наманган ахлининг барчасини ҳам бундай “қора рўйхат”га киритиб, уларни футболсиз қолдириш адолатдан эмас.
Фикрлар
Paxtakor stadionida nichyaga qanaqa bsyram qivordila?
Futbolchilani kiyinish xonasidaku umuman eplab bo'madi.