"Навбаҳор" ёки "Пахтакор"?! Машарипов учун қийин танлов!
Айни дамда "Ан-Наср" футболчиси саналган Жалолиддин Машариповнинг атрофида гап-сўзлар кўпайиб кетганидан хабарингиз бор. Унинг "Навбаҳор" ёки "Пахтакор"дан бирига ўтиши мумкинлиги борасидаги фикрлар янграмоқда. Эътиборли томони, уларнинг барчасида ҳақиқат мавжуд. Келинг, вазиятга ойдинлик киритамиз.
Биринчи навбатда Жалол айни дамда, расман Саудия Арабистони клуби аъзоси саналади. Клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома ўз якунига етмаган. Футболчимиз БАА ёки Туркия клубига бориб қўшилиши ҳам мумкин. Ҳозирда, унда бу борада етарлича таклифлар мавжуд. SPORTS.uz сайтига маълум бўлишича, Машариповнинг ўзи легионер бўлишни истамоқда. Шу боис, "Ан-Наср" билан ўртадаги шарномаси бекор бўлса, 15 сентябрга қадар бошқа вариантларни кўриб чиқиш имконига эга. Агар, "Ал Наср" билан ўртадаги шартнома бекор қилингунига қадар, бошқа чемпионатларда трансфер ойнаси ёпилсагина Машарипов ўзбек клубларидан бирига ўтиши мумкин. Футболчи биринчи навбатда легионер бўлишни олдига мақсад қўйган. Маҳаллий клублар қаҳрамонимиз учун энг сўнгги танлов вазифасини бажариб беради.
Агар "Маша" ўзи истаганидек легионерга айлана олмаса, "Навбаҳор" ёки "Пахтакор"дан бирини танлаш эҳтимоли юқори. Вингер SPORTS.uz сайтига берган интервьюсида, ортга қайтса фақат "Пахтакор" либосида тўп тепишини айтган эди. Шунга қарамай, ўзига хос парадокс мавжуд. Машарипов давридаги "Пахтакор" админстрациясидаги аксарият инсонлар ҳозир "Навбаҳор"да фаолият олиб бормоқда. Жалолнинг ёшлик чоғидаёқ иқтидорини сезган Самвел Бабаян, бир неча йиллик дўсти Жамшид Искандеров ва бошқа кўплаб ёрдамчи мураббийлар ҳозир Наманган клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. "Пахтакор"да эса анчагина ўзгаришлар содир бўлди. Клуб эгаларидан тортиб, раҳбарларига қадар ўзгарди. Яъни Машарипов жамоадан кетган пайтдаги атмосфера ўзгарган. Шунга қарамай, футболчи "шерлар" эмблемаси учун ҳам собиқ жамоасига қайтиши эҳтимоли юқори. Бунга бошқа аргументлар ҳам етарли. Тошкент клуби ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. "Навбаҳор" эса саралаш баҳсида "Ал-Вакра" тўсиғидан ўтиши талаб этилади. "Пахтакор" варианти Машариповга халқаро майдонни кафолатлаши билан биргаликда, тезда яна легионер мақомини олиш имкониятини тақдим этади.
Биздаги маълумотларга қараганда, футболчида Туркия клубларидан ҳам етарлича таклифлар мавжуд. Туркия футболи томонидан ўрта осиёликлар легионер ҳисобланмаслиги борасида қабул қилинган қарордан сўнг, лимитга сиғиш имконияти ортганидан хабарингиз бор. Шу боис, Жалолиддин Ўзбекистонда узоқ қолмаслиги аниқ. Ҳозир эса "Ан-Наср" билан юзага келган кескинликни ўз фойдасига ҳал этиш талаб этилади. Катта эҳтимол билан, Машарипов мавсумнинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўтказади. Қайси жамоада эканлиги эса юқорида келтирилган фактларни қайси бирини ўзи учун муҳимроқ деб ҳисоблашига боғлиқ.
Я.У
Фикрлар