Ферран Торреснинг трансфери деярли ҳал бўлди
«Барселона» ҳужумчи Ферран Торрес бўйича ПСЖ таклифини рад этди, деб хабар бермоқда Marca. Париж клуби бонусларини ҳам ҳисобга олган ҳолда 50 миллион евро таклиф этган, аммо каталонияликлар шу миқдорни тўлиқ кафолатланган тўлов сифатида олишни, ундан ташқари қўшимча бонуслар ҳам қўшилишини истамоқда.
Шунга қарамай, томонлар ўртасидаги музокаралар жуда тез суръатда давом этмоқда. Жараёнда иштирок этаётган баъзи манбаларга кўра, трансфер деярли келишиб олинган, клубларга фақат бир неча техник жиҳатларни аниқлаштириш қолган. Шу масалалар ҳал этилгандан сўнг, келишув расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, Торрес аллақачон ПСЖ билан шахсий шартноманинг асосий шартларини келишиб олган. Париж клуби спорт директори Луис Кампос ва «Барселона» спорт директори Деку битимнинг якуний тафсилотларини муҳокама қилишни давом эттирмоқда.
Трансфер яқин кунларда расман якунланиши эҳтимол қилинмоқда. Шу боис 26 ёшли испаниялик ҳужумчи 12 август куни «Барселона» ихтиёрига қайтиши кутилмаяпти. У шу санада жамоага қўшилиши керак бўлган Испания терма жамоаси футболчилари сафида қайтмаслиги мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Торрес «Барселона» таркибида 49 ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.

Фикрлар