
Неймар ҳайдалди
Бразилия футболининг бугунги кундаги энг машҳур юлдузи Неймар майдондаги қилиғи учун ҳакам томонидан ўйиндан четлатилди.
“Сантос”да ўйнаётган Неймар чемпионатнинг 11-турида “Ботафого”га қарши майдонга тушди. Учрашувнинг 76-дақиқасида 33 ёшли ҳужумчи рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Неймар голни қўл билан урган эди. Бош ҳакам ўйин қоидасини қўпол тарзда бузган футболчига огоҳлантириш берди. Бу Неймарнинг учрашув давомидаги иккинчи сариқ карточкаси бўлди ва уни майдондан ҳайдашди.
Оқибатда “Сантос” ўз мухлислари кўз ўнгида рақибга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Неймар йил бошидан бери “Сантос”да ўйнаяпти. У ўзини тарбиялаган клубга 12 йилдан кейин қайтди. Бу муддат давомида машҳур футболчи “Барселона”, “Пари Сен-Жермен” ва “Ал-Ҳилол”да тўп тепган.
Тажрибали ҳужумчи Бразилияга қайтганидан бери қадрдон жамоасида 12 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига учтадан гол ва ассист расмийлаштириб қўйган.
Фикрлар