Неймар Наманганга келолмайди

Неймар 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида Бразилия терма жамоасининг Уругвайга қарши ўтказилган сафар учрашувида жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этган эди.

“Ал-Ҳилол” клуби бразилиялик легионерининг аҳволи ҳақида маълум қилди.

- Неймар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва натижалар футболчи тиззасидан оғир жароҳат олганини тасдиқлади.

Энди ҳужумчи операция қилинади ва кейин даволаш дастури ишлаб чиқилади, - деб баёнот берди “Ал-Ҳилол” матбуот хизмати.

Маълумотларга қараганда, Неймар ярим йилгача майдонга туша олмайди. Табиий равишда жамоасининг Осиё чемпионлар лигасидаги ўйинларини ўтказиб юборади.

“Ал-Ҳилол” мусобақанинг D гуруҳида “Навбаҳор” билан рақобатлашмоқда. Гуруҳда пешқадамлик қилаётган бу жамоалар 28 ноябрь куни Наманганда ўзаро тўқнаш келади. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари шу куни Неймар Наманганга келишини кутаётган эди. Афсуски, бразилиялик юлдуз бўлажак учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонидаги учрашувда наманганликлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, “Ал-Ҳилол”дан бир очко тортиб олганди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!