Нойер қоидаларини бузди
Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер жаҳон чемпионатида Кюрасаога қарши ўтказилган дебют учрашувидан (7:1) сўнг ФИФА регламенти атрофидаги баҳслар марказида қолди. GMS нашрининг ёзишича, у бир вақтнинг ўзида экипировка бўйича қоидаларнинг икки бандини бузган.
40 ёшли посбон майдонга ўзгартирилган спорт формасида тушган. У кийган футболканинг енглари одатдагидан анча қисқа қилиб кесилгани кўзга ташланди. ФИФА қоидаларига кўра, бундай ўзгартиришларга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, Нойер футболкаси остига оқ майка кийган. Амалдаги регламентга мувофиқ, ўйинчилар асосий форма рангига мос келмайдиган қўшимча кийимдан фойдаланишлари тақиқланган. Ушбу ўйинда дарвозабон формаси яшил рангда эди.
Ҳакамлар эса вазиятга аралашмади ва Нойердан экипировкасини алмаштиришни талаб қилмади. Манбаларга кўра, у катта эҳтимол билан бу сафар интизомий жазодан қутулиб қолади. Шу билан бирга, расмий шахслар унинг кийиниш тарзига турнирнинг кейинги учрашувларида янада жиддийроқ эътибор қаратиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фикрлар