Нурсултон Рўзибоев жамоаси чемпион!
Кеча 7 июнь куни Андижон вилояти, Пойтуғ шахарчасида ажойиб мини футбол шоуси бўлиб ўтди.
Избоскан туманида узоқ йиллар солиқ йўналишида фаолият юритган жонкуяр ва фидойи инсон Адҳамжон Ҳожи Маҳмудовни ҳотирлаб ўтказилган турнир жуда қизиқарли тарзда ташкил этилди.
Юртимиз яккакураш оламининг ёрқин юлдузлари бошчилигидаги ҳамда маҳаллий ва қўшни Наманган вилоятидан ташриф буюрган жамоалар ғолиблик учун баҳс юритишди.
Якунда, Нурсултон Рўзибоев бошчилигидаги жамоа турнир чемпионига айланди. Асосан ММА жангчилари Машрабжон Рўзибоев, Камолиддин Мамажонов тўп сурган ушбу жамоа финалда мезбонлар БМ Клиника жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва бош совринга эга чиқишди.
3-ўринни эса, ўзларининг чиройли ҳаракатлари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлган, "Косонсой шерлари" жамоаси қўлга киритди. Муайтай бўйича 3 карра жаҳон чемпиони Мавлонбек Қаҳҳоров бошчилигидаги жамоа эса 4-ўрин билан кифояланади. Бироқ, мазкур жамоа сафидан ҳаракат қилган ажойиб мураббий Шербек Билолов, яна бир муайтай бўйича жаҳон чемпиони Мансурбек Толипов ва маҳаллий ҳажвчи Шамшир Султонларнинг ўзига хос шоулари томошабинларни хурсанд қилди ва энг қувноқ жамоа сифатида эътироф этилди.
Албатта, ташкилотчилар Абдумажид Маҳмудов, Абдуғаффор Аҳмадалиев, Абдулкарим Қамбаров ҳамда Бобур Билолов томонидан барча турнир иштирокчилари муносиб совғалар билан тақдирланди.
Ўз ўрнида эса турнирда тўп сурган юртимизнинг машҳур спортчилари юқорида таъкидлаб ўтилган турнир ташкилотчиларига ҳар томонлама спортчиларни қўллаб-қувватлаб келаётганликлари учун миннатдорчилик билдиришди.
Шу тариқа турнир ўз якунига етди. Аммо, ташкилотчилар бу анъанавий тус олишини ва навбатдаги турнирларда иштирокчилар географияси кенгайишини таъкидлаб ўтишди.
Қуйида, турнирдан сара фотолар эътиборингизга ҳавола этилади.
Фикрлар