
ОКМК легионеридан воз кечди
Хабарингиз бор, жорий йилги мавсум аввалида қатор клубларимизда янги легионерлар пайдо бўлди. Уларнинг қандайлиги, қанақа имкониятга эгалиги мухлис ва мутахассисларни қизиқтириши турган гап. Доим айтиб келамиз: хорижлик футболчилар келадими, шубҳасиз маҳаллий ижрочилардан камида бир калла устун бўлиши керак. Ўтган вақт мобайнида легионерларнинг ким қандайлиги борасида қисман бўлса-да, тушунчалар шаклланди. Лекин ҳаммаси эмас.
Гап шундаки, Олмалиқнинг ОКМК ўз сафига бир қатор легионерларни қўшиб олганини биласиз. Уларнинг орасида тунислик Муҳаммад Али Салим бўлиб, февраль ойининг бошларида шартнома имзоланганди. Лекин уни қачондир расмий ўйинда кўрдингизми? У фақат Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи доирасида “Ғиждувон”га қарши учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва учрашувни тўлиқ ўтказди. Суперлигада эса тунислик 27 ёшли ҳимоячини кўрганимиз йўқ. Статистик маълумотлар шуни кўрсатяптики, Муҳаммад Али Салим ОКМКнинг 6 та ўйинида захирада ўтирди.
Биламизки, бош мураббий Миржалол Қосимов жуда талабчан ва футболчилар билан қандай ишлашни яхши билади. Бироқ доим ҳам танловлар ўзини оқлайвермаслигини балки тунислик легионер мисолида кўраётгандирмиз. Қосимов ўзининг талабини бажараётган ўйинчини ҳеч қачон захирада ушлаб, ўзига-ўзига душман эмас. Узоқ хориждан келган футболчини захирада қолиши кимга фойда? Шунинг учун бўлса керак, шартномаси тугаётган тунислик футболчи билан дўстона равишда хайрлашишди.
Муҳаммад Али Салим ОКМКга келгунга қадар Украинанинг “Ингулец” клубида тўп сурган. Шунингдек, Тунисда “Шебба”, “Метлауи”, “Беджа” каби маҳаллий жамоалар сафида ҳам ўйнаган. Шундай қилиб, марказий ҳимоячининг юртимиздаги фаолияти якунига етди.
ОКМК ёзги трансфер вақтида унинг ўрнига янги легионер оладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Миржалол Қосимов жамоаси 6 июндан бошлаб яна машғулотларга киришган. Олмалиқликларнинг навбатдаги учрашуви 24 июнь куни сафарда “Насаф”га қарши майдонга тушади. 5 июлдан ёзги трансфер ойнаси очилади. ОКМК таркибида қандай ўзгаришлар бўлишини биргаликда кузатамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар