Олимпиада совриндори Диёрбек Ўрозбоевнинг дисквалификацияси бўйича расмий муносабат!

Матбуотда дзюдо бўйича Рио-2016 Олимпиадасининг бронза медали соҳиби, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг таҳлилда тақиқланган модда аниқлангани ҳақида хабарлар чоп этилди.

Унга кўра, Диёрбек Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг “Миллий тест рўйхати”га киритилган бўлиб, режали тарзда допинг-назоратидан ўтиши белгиланган. Жорий йилнинг 6 май куни спортчидан мусобақадан ташқари даврда допинг-синама олинган. Текширув натижасида спортчи томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги содир этани, яъни “Мелдониум” тақиқланган моддаси истеъмол қилгани аниқланган. “Мелдониум” тақиқланган моддалар рўйхатининг С4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади. Бунинг натижасида Ўразбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Четлатиш 2021 йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар этиб белгиланган.

Дзюдочи дисквалификация муддати тугагунга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида белгилаб қўйилганидек, халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиши тақиқланади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матни тўлиқ келтирилган хабар юзасидан ўз муносабатини билдиради. Диёрбек Ўразбоев миллий терма жамоа аъзоси сифатида охирги иштирок этган мусобақаси 2021 йилнинг 18-20 февраль кунларига тўғри келади. У шу санада Тел-Авив (Исроил)да ўтган “Катта Дубулға” турнирида қатнашган. Ушбу мусобақадан кейин бир неча бор ўқув-машғулот йиғинига таклиф қилинишига қарамай, иштирок этишни истамаган. Бу борада унинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам огоҳлантирилган. Ўзи билан профилактик суҳбатлар ўтказилган. Вазият ижобий томонга ўзгармаса, миллий терма жамоадан четлатилиши бўйича огоҳлантириш берилган.

Шундан келиб чиқиб, Диёрбек Бахтиёр ўғлининг 2021 йилнинг февралидан то шу кунгача дзюдо билан шуғуланмай келаётгани, ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари, халқаро мусобақаларда иштирок этмаётганини инобатга олган холда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари рўйхатидан чиқарилган.

Шу ўринда хабарга ойдинлик киритиб кетамиз, допинг-таҳлил Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ходимлари томонидан олинган бўлиб, Диёрбек Ўрозбоевнинг Рио-2016 Олимпиадасидаги медалига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.

Ўзбекистон Дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!