Ўруновдан хушхабар!
Трансфери энг кўп муҳокама қилинаётган Остон Ўрунов ҳозирча фаолиятини “Спартак”да давом эттирадиган бўлди.
Хабарингиз бор, “Уфа”даги креатив ўйинлари билан Россия премьер-лигасининг бир неча клублари, хусусан, “Рубин”, “Локомотив”, ЦСКА эътиборини қозонган Остон Ўрунов ўзини Уфага таклиф қилган Шамиль Газизов маслаҳати билан “Спартак” жамоаси сафига қўшилганди.
Россиянинг энг кўп мухлисга эга бўлган клубининг талабчан тарафдорлари ва айрим мутахассислар бу ёш футболчи келажак учун олинганини тўғри қабул қилишни истамасдан, Остон Ўруновга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Айниқса, Шамиль Газизовнинг “Спартак” бош директори лавозимидан истеъфога чиқарилгани ва унинг трансфер сиёсати клуб раҳбариятига маъқул келмагани ўзбекистонлик легионернинг фаолиятига ҳам соя солиши мумкинлиги айтилганди.
Жамоа бош мураббийи Доменико Тедеско Ўрунов ҳали ўсишга эришиши, унинг салоҳиятига ишониши ва ўзини кўрсатиши учун вақт, имкон беришини таъкидлаганига қарамай, кўпчилик Остон Ўрунов Шамиль Газизовнинг ортидан кетишини кутаётган эди.
Шунингдек, бу воқеалар ортидан “Рубин” ва “Уфа” ўзбек футболчисининг хизматларига эҳтиёж сезаётганини маълум қилди. Қозонликлар ҳатто расмий сўров ҳам юборди. Бироқ, москваликлар бу трансфер учун сўраган 6 миллион евро миқдоридаги маблағ “Рубин”га оғирлик қилди. “Уфа” ҳам бу суммани эшитгач, ўзи 1,5 миллион еврога трансфер қилган футболчини ортга қайтиришга чўчиб турибди.
Маълумотларга қараганда, “Спартак” мураббийлар штаби Остон Ўруновни премьер-лиганинг иккинчи қисмига тайёргарлик кўриш учун хорижий йиғинга борадиган футбочилар рўйхатига киритди. Бу жамоа бош мураббийи Остон Ўруновга бундан кейин ҳам ишонч билдиришини англатади. Шунингдек, биринчи йиғинда “Спартак”га Остон Ўрунов билан бир пайтда келган Александр Кокорин ҳам жалб қилинади.
“Спартак” янги йилдаги илк ўқув-машғулот йиғинини 14-24 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиши режалаштирилган.
Остон Ўрунов шу пайтга қадар “Спартак” таркибида премьер-лига ва Россия кубогида жами 9 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол урган. Александр Кокорин эса 10 та баҳсда пенальтидан иккита гол уриб, бир жуфт голли пас узатди.
Бундан ташқари, “Спартак” жамоаси 2021 йилдаги илк учрашувини “Пахтакор”га қарши ўтказишини алоҳида таъкидлаш лозим. Томонларнинг келишувига кўра, ўртоқлик учрашуви москваликларнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги иккинчи йиғини давомида, яъни 30 январь куни Дубайдаги “Жабал Али” стадионида бўлиб ўтади.
Шунингдек, Остон Ўрунов жамоаси иккинчи ўртоқлик учрашувини Жасур Яхшибоев ёрдамида Беларусь чемпионлигини қўлга киритган Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасига қарши ўтказади. Бу учрашув ҳам Дубайда 6 февраль куни ташкил этилади.
Фикрлар