“Осака Блутеон” финалда рақибига имконият қолдирмади
Япония волейболидаги энг муҳим баҳслардан бири бўлган “SV.League”нинг финал учрашувида “Осака Блутеон” ҳамда “Сунтори Сунбирдс” жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Қизиқарли кечган баҳс якунида “Осака Блутеон” 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мухлисларига унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ “Осака Блутеон” юқори темпдаги ўйин намойиш этди. Жамоа айниқса ҳужумларда аниқ ва тезкор ҳаракат қилиб, рақиб ҳимоясини мунтазам равишда босим остида ушлаб турди. “Сунтори Сунбирдс” қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган бўлса-да, финалдаги босим ва рақибнинг интизомли ўйини уларга қийинчилик туғдирди.
Баҳс давомида Мигуэль Лопеснинг ҳаракатлари алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. У нафақат ҳужумларда самарали ўйнади, балки муҳим паллаларда жамоасини руҳлантира олди. Айниқса иккинчи сетдаги кучли зарбалари ва ҳимоядаги фаол ҳаракатлари “Осака Блутеон”нинг устунлигини янада мустаҳкамлади. Лопеснинг майдондаги совуққонлиги ва тезкор қарорлари финалнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Учинчи сетда ҳам чемпионлар ташаббусни қўлдан бермади. Жамоа ўзининг жамоавий ўйини ва кучли сервислар орқали учрашувни назорат қилиб борди. Якунда 3:0 ҳисобидаги ғалаба “Осака Блутеон”нинг мавсум давомидаги меҳнати ва барқарор ўйинининг ёрқин натижасига айланди.
Олимбек Қутбиддинов

Фикрлар