Ўйин пайтида овқатланган дарвозабон ёдингиздами?
Балки суратдаги посбонни исмини билмассиз, қайси жамоада тўп сургани ҳам сизга қоронғи. Аммо бу кадр XXI аср футболидаги энг машҳур МЕМлардан бирига сабаб бўлган. Айнан шу воқеа унинг ҳаётини ўзгартириб юборди.
2017 йилнинг 20 февраль санасида Англия лига кубоги доирасида "Арсенал" қуйи лига вакили - "Саттон Юнайтед" билан тўқнаш келди. Баҳс 2:0 натижаси билан "канонирлар" фойдасига ҳал бўлаётган бир пайтда, барчанинг эътибори "Саттон Юнайтед" кипери - Уэйн Шоуга қаратилди. Анчагина оғир вазн эгаси саналадиган посбон захира ўриндиғида ўтириб бутербродни паққос тушираётгани кадрга тушиб қолди.
"Бу улкан бутерброд эмас эди. Мен танаффус чоғида стадионда жойлашган барга бордим. Бу мен учун одатга айланган. Захира ўриндиғида ўтирганимга қарамай, бардаги қиздан менга егулик беришини сўрадим. Тамадди қилиб олиш учун стадионга қараб йўл олдим. Иккинчи бўлим чоғида тамадди қилаётганим трансляция режиссёрининг эътиборини тортганини сезмай ҳам қолдим."
Бу вақт оралиғида эса у бутун Британиядаги энг машҳур инсонга айланган эди. Барча спортга оид каналлар, журнал ва сайтларда у ҳақида мақолалар эълон қилина бошланди. Эътиборлиси шундаки, уни муҳокама қилаётганларнинг 70 фоизга яқини Шоуни кескин танқид қилди. Ҳатто, Англия футбол федерацияси этика қонунларига зид иш қилгани учун уни 350 фунт жаримага ҳам тортди. Қандайдир 24 соат ичида Буюк Британиядаги энг машхур инсонга айланган Уэйнни энг рейтинги баланд кўрсатув - Пирс Морганнинг "Салом Британия" шоусига таклиф этишди. Инглиз журналистларининг маълум қилишича, федерация томонидан қўлланилган 350 фунт жаримани айнан Пирс Морган тўлаган ва Шоуни телеэкранда кўриниш беришга кўндирган. Ҳазилкаш ва гапга уста бўлган дарвозабон қисқа муддат ичида миллат қаҳрамонларидан бирига айланди.
"Бутербродни еган кунимдан бошлаб, футбол оламидаги энг машҳур инсонлардан бирига айландим. Эртаси куни тонгда таниқли шоуда иштирок этдим. Кейин, интервьюлар кетма-кетлиги бошланди. Журналистлар билан суҳбатлашишдан шу қадар чарчадим-ки, ҳатто текинга интервью бермай қўйдим. Шу билан муаммо ҳал бўлди, деб ўйлайсизми? Қаторасига 2 ой турли нашрлар учун берган интервьюларим ортидан 50 минг фунт ишлаб олишга муваффақ бўлдим."
Кўп ўтмай, реклама компаниялари Уэйн Шоуни таклифларга кўмиб ташлади. Улар орасида "Папа Жонс" пиццасини алоҳида эътироф этиш мумкин. "Соттон" аъзоси майдонга тушмай ҳам машҳурликнинг энг юқори чўққисига чиққанига қойил қолмасликнинг имкони йўқ. Шунга қарамай, ҳар қандай бошланган ҳикоянинг якуни бор. Вақт ўтиши билан, Уэйн одамларни хотирасидан кўтарила бошлади.
"Ҳаётим бирданига ўзгариб кетди. Атрофимда аввал ҳеч қачон кўрмаган инсонлар пайдо бўлди. Қандайдир вақт оралиғида ўзлигимни йўқотдим. Кўп ўтмай, мени унутишди. Осон келган пулларнинг барчаси худди шундай ҳавога учиб кетди. Эйфория якунига етгач, оила аъзоларим билан стол атрофида ўтириб суҳбатлашдим. Футболчилик карьерамни якунлаганимдан сўнг, айтарли ҳеч бир иш билан банд бўлмаганимни энди пайқадим. Сўнгги пулларимизга кичик бир тамаддихона сотиб олдик. Мен тайёрлаган егуликларимни "Саттон" клубининг уй учрашувлари чоғида стадионга олиб келиб сотишни бошладим".
Дарҳақиқат, ўз вақтида хаёлларини йиғиштирган қаҳрамонимиз кичик бизнесни анчагина катталаштириб олди. У ўзи яшайдиган кичик Саттон шаҳарчасидаги паблардан бирини сотиб олди. "Salmon Leap" қисқа муддатда ишқибозлар орасида машҳур бўлиб кетди.
"Бу воқеа кўп нарсани ўзгартириб юборди. Агар барчасини ортга қайтаришнинг имкони бўлганида, ўша бутербродни захира ўриндиғида ўтириб истеъмол қилмаган бўлардим. Нега дейсизми? Оила аъзоларимни яна медиа олам вакиллари босимига дуч келишини истамайман. Бўлар иш бўлди. Ҳозир бахтлиман. Куним кичик ресторанимни ривожлантириш билан ўтмоқда. Кўчага атайин кам чиқаман. Сабаби, мени таниб қолишлари мумкин. Агар таниб қолишса, яна ўша эйфорияга берилган даврларим ёдимга тушади. Ишонинг, буни эслашни ҳам истамайман".
Я . У
Фикрлар