Ўзбек, Осиё ва хориж футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари
Ўтган ҳафта ўзбек, Осиё ва хориж утболида бир қатор воқеликлар кузатилди. Биз сизларнинг энг муҳимларини тақдим этамиз.
1.Ўртоқлик ўйиними ёки назорат синови - фарқи йўқ, йўл-йўлакай чиққан рақиблар билан бўлса ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси йилни ғалабалар билан бошлади. Фақат режалар ўзгариб, бошқа рақиблар билан ўйинлар ўтказдик.
2.Эрон саралаш баҳсларида қатнашиб, Осиё қитъасидан биринчи бўлиб жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди. Мезбон Қатар эса тўғридан-тўғри мундиалда қатнашади.
3.Жалолиддин Машарипов кучли бешликда ўйнайди. Европадан эсаётган шамоллар шундай миш-мишларни юзага чиқарди.
4.Sports.uz сайти нафақат футбол, балки спортнинг бошқа турларини ҳам ёритади. Шу боис бокс ҳақида икки оғир сўз юритмасак бўлмайди. Шоҳжаҳон Эргашев боксдан кетиб, бир ҳафтада қайтиб келди.
1.Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида йиғин ташкил этди. Терма жамоамиз йиғин давомида бир қатор қийинчиликларга учради. Бу вирус билан боғлиқ. Дастлаб мураббий, кейин футболчилар, ундан сўнг эса рақибларнинг ўзгариши.
Япония анча аввал ҳамюртларимизга қарши ўртоқлик ўйинини бекор қилганди. Чунки “кунчиқар юрти”даги эпидемиологик вазият туфайли шундай йўл тутилган.
Терма жамоамиз Дубайга келгач, дастлаб маҳаллий “Ал-Ваҳда” билан куч синашди. Араб клубига қарши баҳс ФИФА кунида бўлмагани боис фақат маҳаллий футболчилар иштирок этди.
Учрашувда вакилларимиз 90-дақиқада киритилган гол эвазига зафар қучди. Азизбек Амонов пенальтидан дарвозани ишғол қилди. Шунингдек, ундан аввалроқ Фаррух Сайфиев томонидан киритилган гол ўйиндан ташқари ҳолат сабаб инобатга олинмади.
Баҳрайн билан белгиланган беллашув ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли ўтказилмади. Тўғрироқ қилиб айтганда, Баҳрайн терма жамоаси Дубайга ташриф буюрмади. Шунинг учун вакилларимиз Жанубий Суданга қарши майдонга чиқди.
Ўйинда ҳамюртларимиз катта устунлик билан ҳаракат қилибгина қолмай, ишончли ҳисобда ғалаба қозонишди.
Дастлаб, Элдор Шомуродов дарвозага тезкари турган ҳолатда тўпни товони билан тўрга киритиб юборди. Ушбу голга “Рома” клубидан реакция бўлди. Жамоанинг твиттерига гол жойланди ва унинг қай ҳолатда дарвозани ишғол қилгани қисқача ифодаланди. Гарчи терма жамоамиз анчи оддий жамоа билан ўйин ўтказган бўлса ҳам Шомуродов клуби томонидан эътиборда эди. Элдорнинг бу голидан сўнг кўзингизни очинг жаноб Моуриньо деворгинг келади.
Кейин эса “Рома” ҳужумчиси рақиб посбони билан бирга-бир ҳолатга чиқиб, унга имконият қолдирмай дублга эришди.
Учинчи гол Жалолиддин Машарипов томонидан киритилди. Саудия Арабистони клубида фаолият юритаётган легионеримиз пенальтидан ажойиб тарзда фойдаланди. Машарипов 11 метрли жарима зарбасини "паненька" услубида бажарди.
Ушбу йиғиндаги охирги ўйин Янги Зеландия билан ўтказилиши керак эди. Аммо учрашув куни беллашув бекор қилинди. Жамоамизда ҳаммаси режа бўйича кетаётганди.
Бироқ шу куни тонгда Янги Зеландия терма жамоасининг 12 футболчисида коронавирус аниқлангани маълум бўлди. Рақиб жамоа вакиллари бундай ҳолатда ўйнай олмасликлари, мураббий эса таркиб шакллантириш учун етарлича футболчиларга эга эмаслигини билдирди. Ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам футболчилар саломатлиги устувор ҳисобланади. Натижада томонлар ўйинни бекор қилишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу учрашувларини ўртоқлик ўйинлари дейиш қийин. Аммо Сречко Катанец назорат-синов баҳслари орқали оз бўлса ҳам футболчиларнинг қишки жисмоний ҳолати ҳақида тасаввурга эга бўлди. Гарчи йўл-йўлакай топилган рақиблар билан бўлса ҳам. Буни тўғри тушуниш мумкин. Бутун дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли аввалдан тайёрлаб қўйилган режалар ўзгариб кетмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Энди кейинги йиғинлардаги рақиблар ва ўйинларда мураббий керакли ҳулосага келса ажаб эмас. Чунки бу гал жиддий рақибнинг ўзи бўлмади.
2. 27 январь куни "ЖЧ-2022" саралашининг Осиё минтақаси 3-раунд 7-туридан ўрин олган Эрон ҳамда Ироқ терма жамоалари баҳси бўлиб ўтди.
Теҳрондаги машҳур “Озоди” стадионида кечган ўйин 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Учрашувдаги ягона голга 48-дақиқада Мехди Тареми муаллифлик қилди.
Эътиборлиси, Эрон ушбу ғалабадан сўнг “А” гуруҳида муддатидан аввал "ЖЧ-2022" йўлланмасини қўлга киритди. Биргина гол мезбонларни мундиалга олиб чиқди.
Форслар саралаш баҳсларида иштирок этиб, биринчи бўлиб Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига йўл олган жамоага айланди. Жаҳон чемпионати-2022 мезбони Қатар эса мундиалда тўғридан тўғри иштирок этади.
Эрондан сўнг мундиал йўлланмаси бизнинг қитъада Жанубий Кореяга насиб этди. Қолган жамоалар тақдири кейинги ўйинларда ҳал бўлади.
3. Трансферлар мавсумида футболчиларнинг кўчиб ўтишига оид маълумотлар кўпаяди. Айниқса, ўзбекистонлик футболчилар борасида ҳам хабарлар урчиди. Улар орасида эътиборни тортгани Жалолиддин Машарипов билан боғлиқ.
“Ал-Насср” клуби етакчиларидан бири Машарипов жамоасини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида кўп гап-сўзлар янгради. Ҳамюртимизни БАА клублари ҳам чорлаётган эмиш. Футболчимизнинг агенти мижозига Бирлашган Араб Амирликларининг икки клубидан қизиқиш борлигини билдирган. Жалолиддиннинг агенти бу ҳақда "Ал-Насср" раҳбариятига ҳам маълум қилган.
Орада Машариповга Истанбулнинг "Башакшехир" клуби жиддий қизиқиш билдирганди. Агар томонлар келишувга эришса, қишки трансфер вақтида Машарипов турк клубига кўчиб ўтиши керак эди. Аммо, лекин, бироқ...
Сўнг, сайтимиз журналисти Шуҳратбек Жўраев "Пахтакор" клуби собиқ мураббийи Шота Арвеладзе билан интервью ташкил қилди. Ушбу суҳбат давомида мутахассис Жалолиддин Машариповни янги жамоасига чақиришга тайёр эканлигини айтди.
- Агар Англияда ишласангиз қайсидир ўзбек футболчиларини таклиф қилиш режангизда борми? Масалан, Жалолиддин Машариповни янги клубингизда кўрмоқчимисиз?
- Англияда иш бошлайдиган бўлсам, Жалолиддин Машариповни жон, деб бошқарувимдаги жамоага ўйнаш учун олиб келган бўлардим, дея жавоб берди мураббий.
Ушбу интервью ортидан Жалолиддин Англияга йўл олиши мумкинлиги, у “Халл Сити”га ўтиши борасида маълумотлар тарқалди. Бироқ бу трансфер қачон амалга ошиши ёзилмаган. Балки бу рост бўлса томонлар ёзда музокарага киришар. Ҳозирча, Жалолиддин Машарипов Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” клубида қолди.
4. 24 январь куни Профессионал бокснинг супер енгил вазн (63.5 кг) тоифасида фаолият юритаётган ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев боксдаги фаолиятини тўхтатганлигини маълум қилди. Бу ҳақида у инстаграмдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
- Узоқ вақт уйда бўлмадим ва отам мени уйга келишимни сўради. Отам билан жуда ҳам кўп суҳбатлашдик, оз бўлса ҳам босиб ўтган йўлларимизни ёдга олдик. Мен 29 ёшдаман ва бугун биринчи маротаба отам спортдаги фаолиятимни якунлашимни сўради. Ҳамма нарсани боши ва охири бўлгани каби спорт ҳам абадий эмас. Мени қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман!
Мен ҳаётимда янги саҳифа очяпман! Боксни буткул ташламайман ва бир кун яна рингда бўлсам фақатгина ўзим учун рингда бўламан. Ўзимни янги соҳада синаб кўраман, аммо бу спорт эмас. Барчага омад!
Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятини якунлагани ҳақида хабарга Шаҳрам Ғиёсов муносабат билдирди.
- Тугалланмаган жангимиз бор эди сен билан ўртоқ, лекин спортдаги фаолиятингни якунлабсан… Омад тилайман сенга, агар қайтиш ниятинг бўлиб қолса, мен кутаман, - деб пост қолдирган Ғиёсов.
Ўз навбатида ушбу постга Шоҳжаҳон ҳам жавоб қайтарди: "Мен ҳам сени учратганимдан хурсандман. Сенинг спортдаги фаолиятингни ҳурмат қиламан. Сен жуда кучли боксчисан. Албатта, мен ҳам сен билан жанг қилишни хоҳлар эдим, афсуски, мен боксни ташладим. Лекин отам билан гаплашишим керак, агар у менга рухсат берса, сен билан жанг қилишга тайёрман. Аммо тайёргарлигинг юқори бўлсин. Мен ҳам сен билан ҳисобни ёпиб, боксни тамомлашни истар эдим. Сенинг ҳам келгуси ишларингга омад", - деди Шоҳжаҳон Эргашев.
Буни қарангки кетганига кўп бўлмаган Шоҳжаҳон Эргашев яна боксга қайтди.
Салита промоутерлик компанияси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилишича, Шоҳжаҳон билан янгиланган шартнома имзоланди ва навбатдаги жанг тафсилотлари тез орада эълон қилинади.
Боксчи қайтиши сабабини қуйидагича изоҳлади: "Мен ўзимни жуда илҳомланган ҳис қилмоқдаман ва рингдаги рақобатда устунлик қилишга тайёрман. Салита билан келишувим иккала томон учун ҳам фойдали ва самарали бўлди. Мен фаолиятимни давом эттиришдан хурсандман. Америкалик мухлисларни соғиндим ва яна бир бор рингда ажойиб нокаутлар ва ҳаяжонли жанглар билан куч ва маҳоратимни намойиш этишга тайёрман".
Эслатиб ўтамиз, Шоҳжаҳон Эргашев Салита промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилмаган жангларда иштирок этгани учун компания томонидан судга берилган эди. Маълум бўлишича, суд ниҳоясига етди ва томонлар келишувга эришди.
Фикрлар