Ўзбекистонлик Олимпиада совриндорида допинг аниқланди ва 3 йилга дисквалификация қилинди
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё чемпионати кумуш медали ҳамда кўплаб турнирларда ишончли ғалабаларга эришган спортчи Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг-синамада тақиқланган модда аниқланган. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги хабар бермоқда.
Диёрбек Ўрозбоев Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг “Миллий тест рўйхати”га киритилган бўлиб, режали тарзда допинг-назоратидан ўтиши белгиланган. Жорий йилнинг 6 май куни спортчидан мусобақадан ташқари даврда допинг-синама олинган эди.
Текширув натижасида спортчи томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги содир этилган, яъни, “Meldonium” тақиқланган моддаси истеъмол қилинганлиги аниқланган.
“Meldonium” тақиқланган моддалар рўйхатининг S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.
Натижада, Ўрозбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Дисквалификация 2021 йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар этиб белгиланди.
Дзюдочи дисквалификация муддати тугаганга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида белгилаб қўйилганидек, халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиши тақиқланади.
Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати
Фикрлар