"Пистирмадаги" ОКМК

Хабарингиз бор, 18 сентябрь санасида ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари старт олади. Унга қадар, юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган жамоаларимизнинг гуруҳларидаги рақиблари, уларнинг ўйин услуби ва имкониятларимиз ҳақида фикр алмашамиз. Биринчи бўлиб майдонга тушиши кутилаётган Насаф” бу мақолалар сериясини бошлаб берган бўлса, навбат Олмалиқнинг ОКМК клубига!

Миржалол Қосимов “бандаси” ОЧЛ саралаш ўйинларининг иккитасини ҳам жуда ишончли ўтказган ҳолда, гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамоа ўз квартетида Саудиянинг “Ал-Иттиҳод”, Эроннинг “Сепахон” ва Ироқнинг “Эйр-Форс” жамоалари билан куч синашади. Трансфер қиймати борасида гуруҳ фаворитлари саналган жамоалардан анча орқада бўлишига қарамай, “кончилар” исталган рақибга жанг таклиф этишига шубҳамиз йўқ.

Рақиб сафида кимлар тўп тепмоқда?

“Ал-Иттиҳод”. 

ал иттиход

Нуну Эшпириту Санту бошқарувидаги “Иттиҳод” бу гуруҳда ғолиб чиқиш учун сўзсиз асосий фаворит саналади. Таркибида кечагина жаҳон футболи юлдузи мақомида бўлган Фабиньо, Н'Голо Канте, Карим Бензема, Луиз Фелипе сингари ижрочилар мавжуд. Шунингдек, Саудия Арабистони терма жамоаси аъзоси саналган бир нечта маҳаллий футболчилар ҳам бор. Жамоа юқори темпда ўйин кўрсата олибгина қолмай, керакли паллада тўпни рақибга топширган ҳолда қарши ҳужумда ҳам ўйнай олади. Шунга қарамай, айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Қоғозда “Ал-Иттиҳод” қай даражада кучли кўринмасин, ҳали яхлит механизмга айланиб улгургани йўқ. Бош мураббий ва Карим Бензема ўртасидаги можаролар ҳақида ОАВ тинмай ёзиб турибди. Қўшимчасига, энди шаклланаётган жамоа Саудия Арабистони ички биринчилигида 6 ўйинда иштирок этди, холос. Катта эҳтимол, Миржалол Қосимов “Ал-Иттиҳод”нинг “Ал Ҳилол” билан ўйиндаги (3:4) ҳаракатларини ўрганишни бошлаб юборган.

Таркиб борасида ОКМК Саудия клубидан сезиларли даражада орқада эканлиги факт, бироқ ОКМК “Ал-Араби” билан меҳмондаги баҳсда иккинчи рақамда яхши ўйнай олишини кўрсатгани ёдимиздан чиққани йўқ. Агар “кончилар” ўйинга руҳан ва жисмонан яхши тайёргарлик кўрса, керакли натижани қайд этиш (оз бўлсада) имконига эга.

“Сепахон”. 

сепахан

Айни дамда Эрон чемпионатида пешқадамлик қилаётган “Сепахон” таркиби деярли барчаси маҳаллий футболчилардан ташкил топган, биргина бразилиялик ҳимоячи Нилсон Жуниор бундан мустасно. Португалиялик мутахассис Хосе Мораес бошқарувидаги “Сепахон” Эрон чемпионатини жуда яхши бошлади. 4 ўйинда юз фоизлик натижа кўрсатган форслар “Истиқлол” билан принципиал баҳсда ҳам минимал ҳисобда ғолиб чиққани эътиборга молик.

Жамоа жорий мавсумда олдига ички биринчиликда ғолиб чиқиш билан биргаликда, ОЧЛда имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилиб қўйган. Бу ҳақида Эрон нашрлари бот-бот эслатиб турибди. ОКМКдан фарқли ўлароқ, жамоада босим мавжуд. Қўшимчасига, Саудия Арабистони жамоалари билан кескинлик майдонда ҳам ўз аксини топишига шубҳа йўқ. “Сепахон”нинг трансфер қиймати ОКМК билан солиштирганда катта фарқ қилмайди. Ривожланиш йўли ва танлаган стратегияси ҳам ўхшаш. Айнан икки жамоа гуруҳда “Ал-Иттиҳод”га асосий рақиб вазифасини бажариб беришга ҳаракат қилиши кутилмоқда.

“Эйр-Форс”. 

Air-Force-Club-v-Al-Jazira---team-celebration

Ироқ футболининг “байроқдор” жамоаси саналган “Эйр-Форс” гуруҳдаги аутсайдер мақомида ҳаракат қилиши кутилмоқда. 3 карра ОФК кубогида зафар қучган жамоа таркибида бир нечта Африка қитъаси вакили бўлган легионерлар бор. Улар орасида Самсон Эдуку (Гана, ҳужумчи), Африе Акуаҳ (Гана, ярим ҳимоячи), Клаус Агбозо (Гана, ҳимоячи),  Бакарий Нъдия (Испания), Франко Атчоу (Того) сингари ижрочилар мавжуд. Жамоани 50 ёшлик маҳаллий мутахассис Қаҳран Чатир бошқариб бормоқда. Шунингдек, Ироқ терма жамоасини асосий кучи саналган бир нечта футболчилар ҳам “Эйр-Форс” шарафини ҳимоя қилади.

Ўйин услуби борасида ОКМКга ўхшаб кетадиган жамоа билан бўладиган ўйинлар жуда муҳим. Айнан шу баҳсларда олиниши керак бўлган максимум (6 очко) баллар якунда кейинги босқичга чиқиш имкониятини тақдим этиши ҳеч гап эмас.

ОКМКнинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари қандай?

окмк

Квартетда “Ал-Иттиҳод” ғолиблик учун асосий даъвогар эканлигини тан олиш лозим. Саудия Арабистони клуби класс  ва ижрочилар даражасидаги фарқ эвазига ҳам (мураббийлар штаби нўноқ ишлаган тақдирда ҳам) 1-ўринда бўлиши эҳтимоли юқори, аммо воқеалар ривожидан илгарилаб кетмаслик лозим. ОЧЛ бу Саудия Арабистони чемпионатидан кескин фарқ қиладиган мусобақа. Бу ерда, услублар тўқнаш келади. Боз устига, 6 та ўйинда 6 хил ёндашув талаб этилади.

Олмалиқ клуби натижадан қатъий назар турнирда муносиб иштирок этишига шубҳам йўқ. Блицкриг борасида Қосимовнинг иқтидорли эканлигини кўп таькидладим. “Сепахон” билан Олмалиқдаги ва “Эйр-Форс” билам меҳмондаги баҳслардаги  ғалаба жамоамизни камида иккинчи ўрин учун асосий даъвогарга айлантиради.

ОКМК иккинчи рақамда яхши ҳаракат қилишини ҳисобга олган ҳолда, жамоанинг плей-оффга чиқиш учун потенциали бор, деб ҳисоблайман. Шунчаки, уни яқинлашиб келаётган ўйинларда бехато реализация қилиш лозим. Гуруҳдаги номлар қўрқинчли бўлишига қарамай, “кончилар” учун ҳеч бири услуб томондан ноқулай эмас. ОКМК бу гуруҳда "пистирмадаги овчи" образида. Тўғри, ўқлар сони саноқли, аммо уларни нишонга текказса, жамоа мақсадига етиши аниқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
17/09/2023 19:57
Қийинчиликда ҳатто рақиблар ҳам бирлашади. Биз сен билан ОКМК ва НАВБАҲОР омад ҳамиша ёр бўлсин.