
Превью. "Андижон" - "Навбаҳор"
Андижондаги “Бобур арена”да яна катта футбол оқшоми. “Бургутлар” ўз уйида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини қабул қилади. Ҳамма вақт ушбу клублар иштирокидаги ўйин алоҳида мавзуга айланган.
Айниқса, ўтган йили мамлакат Кубоги учун ўтказилган финал ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирди ва унда “Андижон” драматик ўйинда наманганликларни мағлуб этган баҳс футболимиз тарихида ёрқин хотиралар билан эсга олинади.
Жамоалар миллий чемпионатида шу кунга қадар 57 маробата куч синашишган. “Андижон”да 13, “Навбаҳор”да 27 ғалаба бор. 17 учрашув дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 59\82 наманганликлар фойдасига.
Шу йилнинг биринчи даврасида сафардаги беллашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган. "Андижон" жамоаси “Навбаҳор”га қарши “Бобур арена”даги охирги икки ўйинда ғалаба қозонган. 2023 йили 2:1, ўтган йили эса 3:0 ҳисобида устун келган.
Бугунги ўйин соат 19:00 да бошланади.
Комментарии