
Превью. "Қизилқум" - "Навбаҳор"
Ўзбекистон Суперлигасининг 8-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” сафарда “Қизилқум” (Навоий) меҳмони бўлади.
Мазкур жамоаларнинг Суперлига (олий лига)даги ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур клублар 50 марта ўзаро рўбарў бўлишган. Ушбу баҳсларда “Навбаҳор” 22 марта, “Қизилқум” эса 14 марта ғалаба қозонган, 14 та учрашувда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик наманганликлар томонида - 69-49.
Ўзаро ўйинларда “Навбаҳор” 80, “Қизилқум” эса 56 очкони қўлга киритган. Наманганликларнинг навоийликлар устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаларида 4:0 ва 5:1 ҳисоблари қайд этилган бўлса, “Қизилқум”нинг бу борадаги натижаси 3:0 га тенг.
“Олтин қазувчилар” шу кунгача ўз майдонида (ўтган йилги ўйин Қаршида бўлиб ўтганди) бўлиб ўтган 25 та учрашувнинг 9 тасида ғалаба қозонишган бўлса, 7 та ўйинда дуранг қайд этилган, 9 та баҳсда эса “лочинлар” зафар қучишган. Тўплар нисбати – 31-30, “Навбаҳор” фойдасига.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” сўнгги 6 мавсумдан буён “олтин изловчилар” майдонидан очко билан қайтмоқда, ушбу ўйинларда 5 та ғалаба ва 1 та дурангни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, “Қизилқум” – “Навбаҳор” учрашуви 4 май куни Навоийдаги “Ёшлар” спорт мажмуасида соат 19:00 да старт олади.
Фикрлар