Президент Шомуродов трансферини тасдиқлади!
“Рома” билан 2026 йилнинг 30 июнигача амал қиладиган шартномага эга бўлган Элдор Шомуродов Италиядаги тўртинчи жамоага сафарбар қилинди.
А Серияга чиққан “Кальяри” таркибини ўзбек футболчиси билан кучайтирмоқда. Кальяриликлар “Рома”ни ҳам, Шомуродовни ҳам бу трансферга кўндирди.
Клаудио Раньери ҳужум чизиғида айнан Элдор Шомуродовни кўрмоқчи. Бош мураббий талабини бажариш учун клуб раҳбарияти жами 10 миллион евро сарфлаши кутилмоқда. Шундан бир миллион евро бир мавсумга мўлжалланган ижара пули ҳисобланади.
Агар Шомуродовнинг ўйини мураббийлар штабига маъқул келса, “Каляьри” легионеримизни 9 миллион евро эвазига тўлиқ трансфер қилади.
Шу ўринда, “Кальяри” Шомуродовнин ўзи билан 1+3 кўринишида шахсий шартнома масаласини ҳам келишиб бўлган. Дастлабки мавсумда Элдорнинг маошини “Кальяри” ва “Рома” бўлишиб тўлайдиган бўлди.
Айни пайтда ўзбекистонлик ҳужумчи “Кальяри” учун тиббий кўрикдан ўтмоқда. Ундан кейин расмий шартнома имзолаш маросими, футболчининг жамоадошлари билан танашуви ва Кдладио Раньери қўл остида биринчи машғулот ўтказилиши режалаштирган.
Элдор Шомуродовнинг трансфери у фаолият юритган Россия футболини ёритаётган ахборот манбаларини ҳам қизиқтирмоқда. Хусусан, sport24.ru сайти журналисти “Кальяри” клуби президенти Томмазо Жулинига боғланиб, Элдор Шомуродов трансфери ҳақида маълумот сўради.
- Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”га ўтаётгани рост, - деди Жулини sport24.ru сайтига.
28 ёшли футболчимиз учун “Кальяри” Италиядаги тўртинчи жамоа ҳисобланади. Шомуродов 2020 йилнинг октябридан бери “Женоа”, “Рома” ва “Специя” каби жамоалар учун тўп тепиб келаётган эди.
Легионеримиз Италия юқори дивизионида жами 80 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 12 та гол ва 6 та ассист расмийлаштириб қўйди.
Шунингдек, Элдор Шомуродов УЕФА томонидан ўтказилган янги мусобақа – Конференциялар кубогининг илк ғолиби ҳисобланади. 2021 йили ҳамюртимиз “Рома” билан ушбу мусобақа бош совринини қўлга киритган эди.
Таъкидлаш жоизки, ҳужумчимиз бир неча мавсумдан бери бошқа лигалардан бўлаётган таклифларни рад этиб келмоқда. Шомуродов учун А Серияда қолиш муҳим аҳамият касб этади. Бу гал ҳам Элдорга Грециянинг ПАОК, Туркиянинг “Галатасарой”, Россиянинг “Спартак”, Испаниянинг “Жирона” клубларидан таклиф бўлган эди. Бироқ, ҳамюртимиз А Серияда қолишни маъқул кўрди. Италия клубларидан “Лечче” ҳам Шомуродовни трансфер қилмоқчи эди. Бироқ, бу клуб “Рома” талабларини бажара олмади.
Бундан ташқари, Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида энг яхши тўпурар номини қўлга киритгани ҳам тарихий воқеа ҳисобланади.
Мамлакатимиз бош жамоаси сардори халқаро майдонда 65 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 37 маротаба ишғол қилган. Бу кўрсаткич орқали Максим Шацкихнинг бир неча йил давоми этган 34 та голдан иборат рекордини янгилаган эди.
“Ланс”нинг Ҳусановдан умиди катта!
Фикрлар