Про лиганинг янгиланган "капитан"ларини биласизми?
Кузатаётган бўлсангиз про лига мусобақасида ҳам қатор кўзга кўринган таниқли футболчилар бор. Улар ўз клубларининг етакчилари эканлигини айтмасак яхши биласиз.
Бу сафар эса эътиборингизга про лига клубларининг “капитан”лари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Хўш, қайси футболчилар сардорлик боғичида тўп суришяпти?
“Локомотив” – Олег Зотеев
Агар бу йил про лига клублари томонидан амалга оширилган энг яхши трансферлар рейтинги тузиб чиқилса, унда Зотеев етакчилардан бири бўлиши табиий. 34 ёшли тажрибали футболчида бемалол Суперлигада тўп суриш имконияти бўлишига қарамай, у ўзи учун қадрдон бўлиб қолган “Локомотив”га қайтишга қарор қилди ва жамоани Суперлигага олиб чиқишда ҳиссасини қўшишни ўзига мақсад қилиб қўйди. “Локомотив”да Зотеевнинг сардорлик боғичига эгалик қилиши айни ҳақиқат. Қолаверса, яна бир тажрибали ўйинчи Марат Бикмаев ҳам сардорлик қила олади.
“Қўқон-1912” – Александр Мерзляков
Бир неча йил мобайнида фақат “Қўқон-1912” учун ўйнаб келаётган Мерзляков ўтган йилги омадсиз мавсумдан кейин жамоаси про лигага тушиб кетганига қарамай, ташлаб кетгиси келмади. У қўқонликлар сафида про лигада ҳам ўйнашга рози бўлди. Аллақачон клуб Александр учун қадрли жамоага айланиб улгурган. Маҳаллий мухлислар ҳам уни жуда ҳурмат қилишади. Мурод Холмуҳаммедовдан кейин Мерзляков “Қўқон-1912”нинг том маънодаги етакчисига айланди ва ўз-ўзидан “капитан”га айланди.
“Динамо” – Элгужа Григалашвили
Грузиялик Григалашвили ўтган йилги мавсумни “Навбаҳор”да бошлаб, иккинчи даврада “Динамо”га ўтган. Бироқ Гужа самарқандликлар билан Суперлигани тарк этди. Ўшанда унинг кетиши ёки қолиши борасида мухлислар томонидан қизиқишлар йўқ эмасди. Бироқ амалдаги шартнома ҳали ўз кучида тургани сабабли футболчи “Динамо”да қолди. Янги мавсумда эса Элгужа сардорлик боғичи остида тўп сура бошлади. Аслида “капитан” Эркин Бойдуллаев. Аммо у иккала турда ҳам захирадан майдонга туширилди. Афтидан, Элгужа “Динамо”нинг янги сардорига айланди.
“Хоразм” – Аброр Хусинов
33 ёшли ҳимоячи Аброр Хусинов охирги йилларда фаолиятини “Хоразм” сафида ўтказиб келяпти. Илгари Суперлига клубларида тўп сурган футболчи эндиликда урганчликларнинг муҳим ўйинчисига айланиб олган. Шунинг учун бўлса керак, у “Хоразм” сардори ҳисобланади. Қолаверса, Аброр жамоада ёши катта футболчилар орасида иккинчи. Жамоадоши Жасур Отажоновдан бир ёшга кичик. Айтмоқчимизки, Хусинов “Хоразм”нинг фахрийларидан бирига ҳам айланган.
“Шўртан” – Азамат Абдуллаев
Борган сари про лиганинг мунтазам қатнашчисига айланиб бораётган Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси бу сафар қандай натижа кўрсатаркин? Бош мураббий ўзгарганидан хабарингиз бўлса керак. Алексей Евстафеев енг шимариб ишга киришган. Клубда эса сардорлик боғичи ҳимоячи Азамат Абдуллаевда. 29 ёшли ҳимоячи эндиликда майдондаги мураббийнинг ўнг қўлига айланган.
“Машъал” – Нажмиддин Нормуродов
“Шўртан” сингари “Машъал” ҳам бора-бора про лиганинг доимий аъзосига айланмоқда. Кўринишидан бу ернинг ҳавоси ёқиб қолганга ўхшайди. Қизиғи, иккаласи ҳам Қашқадарё вилояти жамоаларидир. “Машъал” асосий таркибининг негизини сақлаб қоляпти ва улардан бири ҳимоячи Нажмиддин Нормуродов. Ушбу ҳимоячи анчадан бери муборакликлар шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Жамоасининг мудофаа чизиғида йўлбошчи.
“Ғиждувон” – Бобур Омонов
Бухоро вилояти номидан про лигада қатнашаётган “Ғиждувон” ўтган йили бу мусобақада дебютини бошлаган. Уларнинг таркибида ҳам бухоролик мухлислар яхши билган футболчилар бор. Жумладан, ҳимоячи Бобур Омонов ўтган йилдан бери “Ғиждувон” сафида тўп суриб келяпти. Ҳозирда Омонов жамоасининг “капитан”ига айланган.
“Юниред” – Асомиддин Маматов
Про лиганинг дебютантларидан бири Самарқанднинг “Юниред” жамоаси сардори 1997 йилда туғилган футболчи Асомиддин Маматовдир. Ушбу йигит ҳужум чизиғида тўп суради. У “Юниред”да ўз ўрнига эга ва етакчилик қобилияти ҳам бор.
“Навбаҳор-фарм” – Ислом Рашидхонов
Ҳа, биринчи лига ғолиби сифатида про лига йўлланмасини қўлга киритган “Навбаҳор-фарм” ўз сафига бошқа клубларда ўйнаган наманганлик яхши савиядаги айрим ижрочиларни олиб келди. Аслида “Навбаҳор-фарм” маҳаллий иқтидорли ёшлардан ташкил топган ва уларнинг орасига наманганлик тажрибалироқ ўйинчилар ҳам қўшилди. Улардан бири Ислом Рашидхонов. У “Навбаҳор”нинг асосий жамоасида ҳам ўйнаган. Қолаверса, “Насаф”, “Локомотив” сингари жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Янги мавсумда Рашидхоновга Суперлигадан қизиқишлар бор эди. Якунда “Навбаҳор-фарм”га ёрдам берадиган бўлди. Шу заҳотиёқ у сардорлик боғичини ҳам тақиб олди. Ислом таркибдаги ёшларга ўрнак бўлишга ҳақли. Чунки бу футболчининг салоҳияти анча юқори.
“Арал” – Дамир Низанов
“Арал” ҳам ўтган йили “Навбаҳор-фарм” билан бирга биринчи лигада қатнашган ва яхши жамоа сифатида таассурот қолдирган. Про лига йўлланмасига эга бўлгач, нукусликлар таркибини тажрибалироқ футболчилар ёрдамида кучайтиришга ҳаракат қилдилар. Натижада бошқа клубларда тўп сураётган қорақалпоқлик йигитлар таклиф қилинди. 28 ёшли ярим ҳимоячи Дамир Низанов эса про лигада “Арал”нинг сардори сифатида тўп сураётгани эътиборга молик.
“Андижон-SGS” – Шаҳбоз Жумабоев
Про лиганинг яна бир дебютанти ёш “Андижон-SGS” жамоаси чемпионатни ҳозирча кетма-кет иккита мағлубият билан бошлади. Унинг таркиби асосан маҳаллий ёшлардан ташкил топган. Жамоада энг ёши катта футболчи 1992 йилда туғилган Шаҳбоз Жумабоев саналади. Қолган ўйинчилар асосан 2005 йилда таваллуд топган. 2-турда айнан Жумабоев жамоадошларини сардор сифатида майдонга олиб тушди. 1-турда эса ярим ҳимоячи Зайниддин Ҳамрабоев сардорлик боғичини тақиб олганди. Аммо 2-турда у захирада қолдирилгани сабабли Жумабоев яна “капитан”лик лавозимини олди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар