Қайтар дунё...
2018 йил 26 май, Киев. Украинадаги "Олимпийский" стадиони Европа Чемпионлар лигаси финалига мезбонлик қилган. Унда "Реал" ҳамда "Ливерпуль" ўзаро тўқнаш келганди.
Икки ажойиб жамоа ҳал қилувчи баҳсда чиройли ўйин намойиш этиб беришини кўпчилик кутганди. Бироқ кутилмаганда англияликлар етакчиси сафдан чиқди. Муҳаммад Салоҳ 31-дақиқада алмаштирилди. У Серҳио Рамос билан тўп учун курашда жароҳат олди.
Кўпчилик Рамос атайлаб Салоҳга жароҳат етказди, деб билади шу кунгача. Ҳа, чиндан ҳам бир қарашда ўша ҳолатни эсласак, испаниялик футболчи мисрлик юлдузни атайлаб йиқитган. Натижада, Муҳаммад учрашувни даом эттира олмади ва унинг ўрнига Адам Лаллана майдонга тушди. Юрген Клоппнинг режалари тамомила ўзгарди. Чунки ўша кезлар Салоҳ жамоанинг етакчиси ва кўплаб тактикалар унинг атрофида қуриларди. Мухлисларнинг умиди тикилганди унга.
Муҳаммад Салоҳгача "Ливерпуль" қандай ўйнардию, ундан кейинги жамоа қандай бўлганини англияликлар яхши эслашади. Ҳужумкор футболчи майдонни тарк этгач мадридликларнинг иши анча осонлашди, ҳимоячилар бироз енгил тортишди. Чунки Салоҳ чиндан ҳам хавфли эди. Рамос ҳимоячи ва у қаршисидаги рақибни ўтказмади, имкон бермади. Бир томондан у вазифасини бажарди. Бироқ чиройли ўйин тарафдорлари унинг бу ишини қоралашди.
Салоҳ илк бор ушбу мусобақа финалида ўйнаётганди ва яхши ҳаракат қилаётганди. У учрашув охиригача майдонда бўлганида, балки гол урар ёки шерикларини қулай вазиятларга олиб чиқарди. Аммо бу унга насиб этмади, кўзда ёш билан майдондан чиқиб кетди.
Якунда "Реал" 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ЕЧЛда навбатдаги кубокни қўлга киритди. Бу "қироллик клуби"нинг ҳозирча, мусобақадаги охирги соврини бўлиб турибди. Бироқ "Ливерпуль" тўхтамади. Кейинги мавсум финалгача етиб борди ва кубокни боши узра баланд кўтарди. Салоҳ 2-дақиқада пенальтидан гол урганди.
Буни қаранг-ки, жорий йил "Реал" ва "Ливерпуль" яна тўқнаш келмоқда. Фақат чорак финалда. Энди бу гал "Реал" Рамоссиз, "Ливерпуль" эса Салоҳ билан. Чунки Серхио Испания терма жамоаси ўйинидан кейин жароҳат олди. Унинг тикланиши 4 ҳафтага бориши мумкин. "Реал" муҳим беллашувда ўз сардорисиз қолди. Мадрид 35 ёшли етакчисисиз ливерпулликлар қаршилигини енгишига тўғри келади. Салоҳ 2017-2018 йилги мавсум финалида қила олмаган ишини чорак финалда амалга оширишга уриниб кўради.
Қайтар дунё...
Фикрлар