Қозоғистон - Ўзбекистон: Матнли трансляция
Javokhir Azimov
Вазиятлардан онлайн хабардор бўлиш учун саҳифани янгилаб туриш тавсия этилади.
Ассалому алайкум, муҳтарам футбол ихлосмандлари! Футзал бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Нур-Султон шаҳридаги "Жаксилик Ушкемпиров" аренасида ўзаро ўртоқлик учрашувини ўтказмоқда. Қуйида эътиборингизга мазкур қарама-қарлишикдан матнли трансляция тақдим этилади.
Қозоғистон - Ўзбекистон 3:1
- Учрашув якунланди. Ўзбекистон дастлабки ўртоқлик учрашувида Қозоғистонга мағлуб бўлди.
- ГОЛ! Рақиб ўйинга мантиқий нуқтани қўйди. Дарвозабонимизнинг олдинга чиқиб кетганидан унумли фойдаланган Қозоғистон посбони дарвозамизни ишғол этди.
- Дарвозабон олдинга чиқиб кетганидан унумли фойдаланиб зарба берган Усмонов мўлжалда бироз адашди.
- ГОООООООООООЛ! Ҳамроев! Жарима майдони яқинидаги комбинацияни ўйновчи дарвозабонимиз гол билан якунлади!
- Рақиб бош мураббийи шогирдлари дам олиши учун тайм-аут олди!
- Сўнгги дақиқаларда вакилларимиз кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирмоқда. Чориевнинг бу сафарги уринишини дарвозабон қайтарди.
- ҚАНДАЙ ВАЗИЯТ?! Даврон Чориев деярли бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади. Афсус...
- Ҳозиргина ўйинга қўшилган Ҳамроевнинг ноаниқ узатмаси туфайли навбатдаги ҳужумимиз бесамар якунланди.
- Илҳом Ҳамроев ўйновчи дарвозабон сифатида майдонга тушди.
- Дилшод Раҳматовнинг уринишидан сўнг тўп рақибга тегиб, майдонни тарк этди.
- ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! Акбар Усмоновнинг зарбасидан сўнг тўп устундан қайтди.
- Сўнгги бир неча дақиқа давомида тўп назорати вакилларимиз томонда бўлиб турибди.
- Футзалчиларимиз фаолроқ ҳаракат қилиши лозим. Рақибга ҳар жабҳада имкониятни бой бермоқдамиз.
- Рустам Умаров дарвозаси томон берилган навбатдаги зарбани қайтарди.
- Рақиб ғалаба қозонмоқда. Бироқ улар ўйновчи дарвозабонни майдонга туширишдан чўчимаяпти.
- Жуда қулай имкониятдан фойдалана олмадик. Усмоновнинг узатмасидан кейин Анасхон тўпни бўш қолган дарвозага кирита олмади.
- Ўйинда темп бироз пасайди.
- Ҳусниддин Нишоновга сариқ карточка кўрсатилди.
- Нишоновнинг зарбасини дарвозабон қайтарди. Такрорий уринишга аниқлик етишмади.
- Рақиб тўп назоратини вакилларимизга топшириб, қарши ҳужумларга эътибор бермоқда.
- Ўтказиб юборилган икки голдан сўнг ҳамюртларимиз ҳужумкорликка урғу бермоқда.
- Футзалчиларимиз ҳужумда деярли хавф туғдира олмаяпти.
- Майдон доимгидек резина эмас, ёғоч билан қопланган. Шу боис, вакилларимиз унда ҳаракат қилишга қийналмоқда.
- ГОЛ! Рақиб дарҳол ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Бу сафар Дуглас Жуниорнинг уринишидан сўнг тўп дарвозамиздан жой олди.
- ГОЛ! Учрашувда ҳисоб очилди. Жаримадан Арнольд Кнаубнинг берган зарбасини Умаров қайтара олмади.
- Иккинчи таймга старт берилди!
- Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Танаффус!
- Баҳодир Аҳмедов ўз имкониятидан фойдаланиб, тайм-аут олди.
- Танаффусга ғалаба билан йўл олишимиз мумкин эди. Аммо дарвозабон қаршисида ёлғиз қолган Чориев тўпни тўхтата олмади.
- Узоқ масофадан Умаров дарвозаси томон йўлланган зарба ноаниқ кетди.
- Қозоғистонликлар 5 киши бўлиб дарвозамиз олдида тўпни ушлаб турибди.
- Бўлим сўнгини мезбонлар тўп назорати билан ўтказмоқда.
- Баҳодир Аҳмедовнинг кўрсатмаларидан кейин футзалчиларимиз бироз фаоллашди.
- Вакилларимиз қарши ҳужумга ўтди. Анасхоннинг зарбасидан сўнг рақиб посбони хавфни бартараф этди.
- Ҳимоячиларимиз рақибнинг кетма-кет зарбаларини бартараф этди.
- Тайм-аут! Мураббийлар футзалчиларга кўрсатмалар бермоқда.
- Рақиб ўйновчи дарвозабондан фойдаланмоқда.
- Кнаубнинг хавфли зарбасини Умаров бартараф этди.
- Акмаликовнинг бу сафарги уринишидан сўнг тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
- Ҳусниддин Нишоновнинг олис масофадан берган зарбаси ноаниқ кетди.
- Рақиб футзалчиси Акмаликов Умаров билан бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади.
- Ишончли ҳаракат қилган Умаров жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди.
- Бугун футзалчиларимиз олдинги чизиқда умуман ўзига ўхшамаяпти.
- Вакилларимиз аста-секинлик билан рақибни майдоннинг нариги қисмига "ҳайдамоқда".
- Жамоамизнинг камсонли ҳужумларидан навбатдагиси Ропиевнинг ноаниқ узатмаси туфайли муваффақиятсиз якунланди.
- Ўйин асосан, жарима майдонимиз яқинида кечмоқда.
- Икки футзалчи паркетда ётибди. Жароҳат жиддий эмас!
- Чориев тўпни шеригига етказа олмади. Ҳужум узилиб қолди.
- Жарима майдони ташқарисидан берилган зарбани Рустам Умаров ушлаб олди.
- Тўп назорати рақибларимиз қўл остида бўлиб турибди.
- Вакилларимиз тезкор қарши ҳужумга ўтди. Аммо уриниш ноаниқ пас туфайли барбод бўлди.
- Қозоғистонликлар бу сафар ўткир бурчакдан кучли зарба йўллади. Ноаниқ.
- Рақиб футзалчисининг зарбаси бироз ноаниқ кетди.
- Дастлабки сонияларда тўп назорати майдон эгалари томонда бўлиб турибди.
- Рухсатингиз билан буёғига саноқли тескари тарзда олиб борамиз.
18:00. Учрашув бошланди!
17:59. Жамоа сардорлари ва ҳакамлар ўртасида кичик қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Старт учун барчаси тайёр!
17:58. Қозоғистон миллий мадҳияси янгради.
17:57. Арена бўйлаб Ўзбекистон мадҳияси янгради. Уни вакилларимиз ва ўзбекистонлик мухлислар биргаликда куйлади!
17:55. Футзалчилар паркетга чиқиб келди.


Изоҳлар (0)