Раҳимжон Давронов: "Ҳар доим Самвел Бабаян бошқарган жамоада катта мақсад бўлади"
“Андижон”га янги таклиф қилинган ва шартнома имзолаган футболчилардан яна бири - Раҳимжон Давронов бўлиб, тажрибали посбон “Бургутлар” билан бирга жорий йилги мавсум учун тайёргарликка киришди.
Ўз навбатида клуб матбуот хизмати Давроновдан клуб аъзоси сифатидаги илк интервьюсини олди.
- “Андижон” билан шартнома имзоладингиз ва дастлабки таассуротлар қандай?
- Таассуротлар аъло даражада. “Андижон” жамоасига ўтганимдан хурсандман. Авваламбор, менга ёққан томони мухлисларидир. Ажойиб муҳит бўлади. Шу томонлама менга қизиқ ва ёқимли бўляпти. Тезроқ чемпионат бошланишини хоҳлаяпман.
- Дарвозабон учун асосий нарса нима, деб ўйлайсиз?
- Психология. Ўйин пайтида қанақа натижа бўлишидан қатъий назар дарвозабон биринчи навбатда ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Гол ўтказса ҳам ҳеч қачон “синиб” қолмаслиги лозим. Агар голдан кейин “синиб” қолса яна голлар ўтказаверади. Шунинг учун ўзига ишонч жуда муҳим. Ана шунда жамоадошлари балки иккита гол уриб кетиши мумкин. Шу боис дарвозабон учун энг кераклиги психология.
- “Андижон”дан таклиф бўлишини кутганмидингиз?
- Тўғрисини айтсам, 2-3 та вариантларим бор эди. Энг аввало, “Локомотив” мени олиб қолишни хоҳлади. “Андижон”дан таклиф тушгач, биринчи ўйлаганим мухлислар ва атмосфера бўлди. У ердаги ажойиб муҳитда ўйнашни хоҳладим. Самвел Вячеславович қўнғироқ қилди. Раҳбарият билан гаплашиб олдик. Ҳар доим Самвел Бабаян бошқарган жамоада катта мақсад бўлади. Шунинг учун ҳам ушбу вариантни танладим.
- Янги мавсумдаги интрига жуда кучли бўлади. “Андижон” ҳам таркибини сезиларли даражада кучайтиряпти. Хўш, бу йилги чемпионатдан нима кутяпсиз?
- Ҳар бир инсон олдига катта мақсад қўяди. Таркибдан келиб чиқиб қаралса, албатта вазифа юқори. Раҳбарият ҳам олдимизга керакли мақсадларни қўйишган. Ўйлайманки, бундай таркиб ва шароит билан бемалол вазифани бажарса бўлади.
- Мухлисларнинг жамоадан умиди катта. Улар учун нима дея оласиз?
- Ишқибозларга гап бўлиши мумкин эмас. Олдин бу ерда ўйнамаган бўлсам ҳам ижтимоий тармоқларда кўриб турамизки, бундай қўллаб-қувватловдан кейин уларни ҳам, ўзимизни ҳам орзуимизни амалга ошира оламиз.



Фикрлар