Ратиньо: "Стадиондаги атмосфера менга Бразилиядаги мухлисларни эслатади"
"Нефтчи" жамоасининг бразилиялик ярим ҳимоячиси Ратиньо Феррейра клуб матбуот хизматига берган интервюсида мавсум бошланиши, жамоага мослашуви, Суперкубок финали ҳамда илк голи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ушбу қизиқарли ва мазмунли интервюни қуйида ўқиб чиқишингиз мумкин.
- Аввало, сизни Суперлигадаги ғалабалар ва Суперкубок чемпионлиги билан табриклаймиз. Мавсумни бундай бошлаш жамоа учун қанчалик муҳим?
- Раҳмат. Мавсумни соврин билан бошлаш ҳар доим жуда муҳим. Бу жамоага ишонч беради, мухлисларни хурсанд қилади ва кейинги ўйинлар учун катта мотивация бўлади. Бу натижа — жамоавий меҳнатимизнинг самараси.
- Сизнинг "Нефтчи"га мослашувингиз тез кечди. Бу жараёнда энг катта омил нима бўлди?
- Жамоа мени жуда яхши қабул қилди. Мураббийлар штаби ва футболчилар доим қўллаб-қувватлади. Дастлаб жисмоний жиҳатдан бироз қийинчиликлар бўлди, лекин тўғри режа ва сабр билан бу босқични енгиб ўтдим. Ҳозир ўзимни анча ишончли ҳис қиляпман.
- Суперкубок финали ва урган голингиз ҳақида гапириб берсангиз. Бу сиз учун қанчалик аҳамиятли?
- Бу гол менинг фаолиятимдаги энг муҳим голлардан бири бўлди. Финал ўйинида жамоага ғалаба келтириш — бу катта масъулият ва фахр. Ўша пайтдаги ҳиссиётларни сўз билан ифодалаш қийин. Бу гол нафақат мен учун, балки бутун жамоа учун муҳим эди. Финал хуштаги чалингач эмоцияларни таърифлашга тил ожиз, айниқса тўла стадионда мухлисларимиз кўз ўнгида бу иш бўлгани икки карра эмоциялар берди.
- Ўзбекистондаги фаолиятингиз ва "Нефтчи" жамоасига чақирув ҳақида гапириб беринг.
- Ўзбекистон футболи мен учун янги босқич бўлди. Бу ерда мен ўзимни ривожлантирдим, тажриба орттирдим ва янги футбол маданиятини ўргандим. Самарқанддаги мавсумлар менга катта тажриба берди ва айнан шу йўл мени "Нефтчи"га олиб келди, десам ҳам бўлади.
- "Нефтчи"нинг мураббийлар штаби ва ўйин фалсафаси ҳақида фикрингиз қандай?
- Бу ерда ҳамма нарса аниқ тизим асосида ишлайди. Мураббийлар ҳар бир деталга эътибор беради. Жамоа интизоми ва ўйинга ёндашуви юқори даражада. Бу эса натижаларда яққол кўринмоқда.
- "Нефтчи"га келишдан олдин жамоа ҳақида нималарни билардингиз?
- "Нефтчи" тарихга эга клуб эканини билардим. Бу ерда мухлислар жуда талабчан ва содиқ. Шунингдек, клубнинг мақсадлари катта — нафақат ички чемпионат, балки Осиёда ҳам муваффақият қозонишга ҳаракат қилади.
- "Нефтчи" мухлислари ҳақида фикрингиз қандай? Улар сизга қандай таъсир қилмоқда?
- Мухлислар — бу жамоанинг юраги. Уларнинг қўллаб-қувватлаши майдонда катта куч беради. Стадиондаги атмосфера менга Бразилиядаги мухлисларни эслатади. Бу энергия футболчига қўшимча мотивация беради.
- Сизнинг майдондаги ролингиз ва ўзингизни қандай футболчи деб ҳисоблайсиз?
- Мен жамоага фойда келтиришга ҳаракат қиладиган футболчиман. Ҳар доим ғалаба учун курашаман. Агар имкон бўлса, гол ураман, ассист қиламан ва жамоага максимал ёрдам беришга интиламан.
- "Нефтчи" билан олдингизга қўйган шахсий ва жамоавий мақсадларингиз қандай?
- Жамоа билан чемпионликни яна қўлга киритишни хоҳлайман. Кубокни ютиш ҳам муҳим мақсад. Энг катта орзулардан бири — Осиё мусобақаларида тарих яратиш.
- Бу ердаги мухлислар ва стадион муҳити сизга Бразилияни эслатадими?
- Ҳа, албатта. Бу ерда мухлислар жуда эҳтиросли. Стадиондаги атмосфера жуда кучли ва бу жамоанинг яхши натижаларига катта таъсир қилади. Мухлисларимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун жуда муҳим. Биз ҳар бир ўйинда улар учун курашамиз ва уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар