Равшан Ҳайдаров: «Ёшларга ишониш керак»

Ўзбекистон (U23) жамоаси бош мураббийи – Равшан Ҳайдаров SPORTS.uz учун эксклюзив интервью берди. «Андижон»га қарши мавсум олди ўйинидан сўнг, мураббий ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилди.

- Бу йигитлардан нимани талаб қиласиз?

- Биринчи навбатда, ўз устида ишлашни. Мана янги мавсум бошланмоқда. Уларнинг ҳар бирига ўз клубида асосий таркиб аъзоси бўлиши кераклигини уқтиряпман.

- Бугунги баҳсда йигитлар агрессив футбол намойиш этгандек туюлди. Ҳатто, қизил карточкани ҳам кўрдик?!

- Йигитларда ўзини кўрсатишга бўлган иштиёқ жуда кучли эди. Шу боис, барча футболчилар майдонда бор кучи билан ҳаракат қилди. Айримлари эҳтиросга ҳам берилиб кетди. Очиғи, бу ёқимли ҳолат. «Андижон» жамоаси ҳам муносиб қаршилик кўрсатганини алоҳида эътироф этиш даркор.

- Бу йиғинлардан асосий кўзланган мақсад нима?

- Биринчи навбатда, уларни 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ва  халқаро мусобақаларга тайёрлаш. Агар бугунги йигитлардан кимдир терма жамоа эътиборига тушса, бу бизнинг ютуғимиз. Йиғинда орттирган тажриба, клубида асосий таркиб аъзоси бўлишига турки бериши керак. Ўзбекистон (U23) жамоаси либосини кийгач, футболчиларда ўзига бўлган ишонч ортиб кетади.

- Ҳозир ўзбек футболида дарвозабонлар борасида муаммолар кўзга ташланмоқда. Бу нима билан боғлиқ, деб ўйлайсиз?!

- Ўринли савол, аммо ҳеч қандай муаммо йўқ. Шунчаки, бизда ёш посбонларга катта ўйинларда ишонч билдирилмайди. Уларни ана шундай матчлардагина синаб кўришимиз мумкин. Мисол учун, Ботирали Эргашев иқтидорли дарвозабон, бироқ терма жамоа сафида ўртоқлик ўйинларидагина кўриниш беради. Уларга имкон бермасдан туриб, бугунги авлод вакиллари орасида яхши дарвозабон йўқ, деб бўлмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!