"Реал" Карвахални қайтарадиган бўлди
Ҳужумчи Анхель Карвахаль яна «Реал» таркибига қайтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Мадрид клуби 22 ёшли форвардни қайтариш бўйича қарор қабул қилган. У ўтган мавсумни «Вальядолид» жамоасида ўтказган эди. «Қаймоқранглар» футболчи шартномасида назарда тутилган қайта сотиб олиш бандидан фойдаланишмоқда.
2025/26 йилги мавсумда Анхель Карвахаль «Вальядолид» сафида 36 ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 3 та голли пас берди. Шу билан бирга, у урган голларнинг катта қисми Испаниянинг куч жиҳатидан тўртинчи дивизионида қайд этилгани таъкидланмоқда.
Шунингдек, Анхель Карвахаль «Реал»нинг собиқ сардори Даниэль Карвахаль билан қариндош эмаслиги алоҳида қайд этилмоқда.

Фикрлар