"Реал" супертрансферни якунлай олмади
Испаниянинг машҳур клуби «Реал Мадрид» ва Германиянинг «РБ Лейпциг» жамоаси ўртасида Кот-д’Ивуар терма жамоаси вингери Ян Диоманде трансфери бўйича навбатдаги музокаралар ҳам якуний келишувсиз тугади.
Журналист ва инсайдер Флориан Плеттенберг маълумотига кўра, бу ҳақда жараёнда иштирок этаётган барча томонлар тасдиқ берган.
Футболчининг ўзи билан тузилган келишув кучда қолмоқда, «Реал» эса ҳафта охиригача «РБ Лейпциг» билан келишиб, битимни ёпишга интилмоқда. Шу билан бирга, Диоманде Лейпцигда машғулотларга чекланган тартибда қўшилгани, бу орқали қимматбаҳо трансфер хавф остига қўйилмаётгани таъкидланмоқда.
Бундан аввал яна бир машҳур инсайдер Фабрицио Романо Диоманда «Реал Мадрид»нинг янги футболчисига айланишини хабар қилган эди. Унинг маълумотича, битим қиймати 100 миллион еврони ошиб кетади.
Ян Диоманде «РБ Лейпциг» сафини 2025 йилдан бери ҳимоя қилиб келмоқда. 2025/2026 йилги мавсумда у 36 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 10 та голли узатма амалга оширди.
Интернет-портал Transfermarkt баҳосига кўра, футболчининг тахминий қиймати 90 миллион евро атрофида. Унинг Германия клуби билан амалдаги шартномаси яна тўрт йилга мўлжалланган. Ян Диоманде сўнгги жаҳон чемпионатида ҳам майдонга тушиб, тўрт ўйинда иштирок этди ва бир голли узатма қайд этди.

Фикрлар