«Реал» Винисиус бўйича қарор қабул қилди
Мадриднинг «Реал» жамоаси бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор вакиллари билан музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказишга тайёрланмоқда, дея хабар бермоқда Sky Sports нашри.
Учрашув шу ҳафтада бўлиб ўтиши кутилмоқда. Томонлар футболчининг янги, узоқ муддатли шартномаси шартларини муҳокама қилади. Ҳозирги битим 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринью Винисиусни жамоада сақлаб қолиш тарафдори. Мадрид клуби раҳбарияти ҳам бразилиялик футболчи билан шартномани узайтиришни истамоқда. Шу билан бирга, агар келишувга эришилмаса, «қироллик клуби» бу ёздаёқ уни сотиш вариантини кўриб чиқишга тайёр, акс ҳолда бир йилдан сўнг футболчини текинга қўлдан бой бериб қўйиш хавфи бор.
Винисиус атрофидаги вазиятни «Арсенал» жуда диққат билан кузатмоқда. Англия амалдаги чемпиони ҳужум чизиғининг чап қанотини кучайтириш мақсадида бразилияликни олиб келиш имкониятини ўрганаётгани айтилмоқда. Шу билан бирга, лондонликлар ҳозирча мадрид клубига расмий таклиф йўл қилмаган.
Манба маълумотига кўра, «Лейпциг» яримҳимоячиси Ян Диоманде «Реал»га ўтиши эҳтимоли Винисиуснинг келажаги билан бевосита боғлиқ эмас. Испания гранди музокаралар натижасидан қатъи назар, Кот-д’Ивуар терма жамоаси ўйинчисини ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган.
Винисиус трансфери йўлидаги асосий тўсиқлардан бири унинг молиявий талаблари бўлиши мумкин. Испания футболи бўйича мутахассис Терри Гибсоннинг таъкидлашича, ҳозирда бразилиялик солиқлардан кейин йилига тахминан 15 миллион евро маош олмоқда. «Реал» унга йилига 20 миллион евро атрофида таклиф қилаётгани, футболчининг ўзи эса 30 миллион евро маош кутаётгани айтилмоқда. Бу ҳафтасига 550 минг евродан ортиқ иш ҳақи дегани.
26 ёшли Винисиус 2018 йилдан бери «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган мавсумда у мадрид клуби сафида 53 ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 14 та голли пас муаллифи бўлди. Бундан ташқари, бразилиялик 2024 йилги «Олтин тўп» соврини учун овоз беришда иккинчи ўринни эгаллади.

Фикрлар