"Реал" Винисиусга "махсус" шартнома берди
Мадриднинг «Реал» клуби жамоа вингери Винисиус Жуниорга янги шартнома таклиф этди, деб хабар бермоқда The Athletic нашри.
Маълумотларга кўра, учрашувда клубнинг бош ижрочи директори Хосе Анхель Санчес ва бош скаути Хуни Калафат бразилиялик футболчи томонига янгиланган шартнома лойиҳасини тақдим этган. Ушбу таклиф Винисиуснинг жамоа ва клуб лойиҳасида тутган ўрнини акс эттириши айтилмоқда. Аниқ молиявий кўрсаткичлар ошкор этилмаган, музокаралар эса яқин кунларда давом этиши кутилмоқда. Шартномани узайтириш бўйича якуний қарор футболчининг ўзига боғлиқ.
Винисиусга яқин манбалар музокаралар жуда ижобий руҳда ўтганини таъкидламоқда.
Аввалроқ футболчига Лондоннинг «Арсенал» клуби қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Винисиус 2018 йил ёзидан бери «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт мобайнида у барча мусобақалар доирасида 375 та ўйинда майдонга тушиб, 128 та гол урди ва 100 та голли узатма амалга оширди. Ҳозирги амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 140 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар