“Реал” юлдузи рақиб жамоага ўтиб кетди
“Реал”нинг собиқ ярим ҳимоячиси Даниэль Себальос ўзини тарбиялаган Испаниянинг “Бетис” клубига қайтди.
30 ёшли испаниялик футболчи Севилья клубига эркин агент сифатида ўтиб, 2029 йил ёзигача шартнома имзолади. Себальос 2014–2017 йилларда “Бетис” асосий жамоасида ўйнаган. У клуб билан Сегунда чемпионлигини қўлга киритган.
Даниэль Себальос 2017–2026 йилларда Мадриднинг “Реал” клуби футболчиси бўлган. Мадридликлар сафида жами 215 та ўйин ўтказиб, 16 та совринни қўлга киритган:
- 3 марта Чемпионлар лигаси;
- 3 марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати;
- 2 марта УЕФА Суперкубоги;
- 2 марта Испания чемпионлиги;
- 1 марта Испания Кубоги;
- 3 марта Испания Суперкубоги;
- 1 марта ФИФА Қитъалараро кубоги.
Бундан ташқари, ярим ҳимоячи “Арсенал” сафида ижара асосида ўйнаб, Англия кубоги ва Суперкубогига сазовор бўлган.
Себальос 2018–2023 йилларда Испания миллий терма жамоаси сафида 13 та ўйин ўтказган, 1 та гол урган ва 2 та голли узатма амалга оширган. У асосий терма жамоа билан соврин ютмаган.
Бироқ Себальос Испания U19 ва U21 терма жамоалари билан 2015 ва 2019 йилларда Европа чемпионатида ғолиб чиққан.

Фикрлар