"Реал" юлдузи терма жамоадаги фаолиятини якунлади
«Реал» клуби ва Германия миллий терма жамоаси таркибида узоқ йиллар ҳаракат қилган ҳимоячи Антонио Рюдигер миллий жамоа сафидаги фаолиятини якунлаётганини маълум қилди.
33 ёшли футболчи бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, у бироз ўйлаб кўргач, терма жамоадан кетиш ва майдонни ёш авлодга бўшатиб бериш вақти келгани ҳақида қарор қабул қилган.
«2014 йили Германия терма жамоаси футболкасини биринчи марта кийганимда, миллий жамоа учун 86 та ўйин ўтказишимни тасаввур ҳам қилмаганман. Охирги турнирларда катта соврин юта олмаган бўлсак-да, бир неча оғир мағлубиятларни бошдан кечирган бўлсак-да, бу йиллар мен учун ҳаётимда алоҳида бир боб бўлиб қолади. Энди мен учун янги босқич бошланмоқда — бутун эътиборимни клуб карьерамга қаратаман. Бирга босиб ўтган йўл учун раҳмат. Сизларнинг Тони», — деб ёзган Рюдигер.
Антонио Рюдигер Германия терма жамоаси сафида жами 86 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урган. У 2017 йили Россияда ўтказилган Конфедерациялар кубоги ғолиби сифатида тарихга кирган.
2026 йилги жаҳон чемпионатида Рюдигер бошчилигидаги Германия терма жамоаси 1/16 финалгача етиб борган, аммо ушбу босқичда Парагвайга пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб мусобақани тарк этган.
Клуб даражасида Рюдигер 2022 йил ёзидан бери Мадриднинг «Реал» жамоасида тўп сурмоқда. Ундан олдин Лондоннинг «Челси», Италиянинг «Рома» ва Германиянинг «Штутгарт» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Фикрлар