“Реал”дан кутилмаган трансфер
“Реал” ўнг қанотини кучайтириш устида ишламоқда. Родриго Гоэс ва Браим Диаснинг беқарор ўйинларини ҳисобга олган ҳолда, Хаби Алонсо янги ўйинчи Франко Мастантуонога бошқа рақобатчи олиб келишни сўраяпти.
Испаниялик мутахассис ҳужумнинг ушбу зонасини жонлантириш учун Дортмунднинг “Боруссия” клуби ўйинчиси Карим Адейеми асосий номзод сифатида кўрмоқда.
23 ёшли Адейеми келаси ёзда Дортмундни тарк этиши мумкинлигини очиқ айтди. Унинг агенти футболчининг хизматларини “Реал”га таклиф қилган ва клубга яқин манбаларнинг хабар беришича, Алонсо уни жамоа ҳужумини қайта қуриш учун қимматли ўйинчи деб ҳисобламоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, мадридликлар ўнг қанотни янгилашга ўткир эҳтиёж сезмоқда. Алонсога бу позицияда тезлик, ҳужумкорлик ва голларни олиб келадиган вингер керак. Адейеми ўзининг динамикаси, голли узатмалари ва ҳужумни самарали якунлаш қобилияти туфайли бу ролга мукаммал номзод сифатида кўрилмоқда. Унинг профили клубда мавжуд бўлган ўйинчилардан фарқ қилади ва у Мастантуонога рақобатчи бўлиши мумкин.
2022 йилнинг ёзидан бери “Боруссия” шарафини ҳимоя қилиб келаётган Каримнинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнигача давом этади. Transfermarkt портали уни 60 миллион еврога баҳолаган.



Фикрлар