Рэшфорд, шу шарт бажарилса, бизда ўйнайсан!
Лондоннинг "Челси" клуби "Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Маркус Рэшфордни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Бироқ TEAMtalk нашри хабар беришича, лондонликлар бунга фақат битта шарт бажарилган тақдирдагина рози бўлади.
Манбага кўра, футболчининг вакиллари ва унинг келажаги устида ишлаётган воситачилар бир қатор клубларга Рэшфордни олиш имконияти борлиги ҳақида маълумот етказган. Шу тарзда қизиқиш билдирган жамоалар орасида "Челси" ҳам бор.
Шу билан бирга, лондон клуби ҳозирча Рэшфордни тўлиқ сотиб олиш ниятида эмас. Агар келишув амалга ошса, у фақат ижара асосида бўлиши кутилмоқда.
Хабарларда таъкидланишича, "Манчестер Юнайтед" бу ёзда футболчи билан бутунлай хайрлашишни режалаштирган ва тўлиқ трансфер вариантини афзал кўради. Аввалроқ маълум қилинганидек, "Барселона" инглиз ҳужумчисини 2025/26 йилги мавсумда ижара асосида ўз сафига қўшиб олган, аммо 26 миллион фунт стерлинг миқдоридаги сотиб олиш бандини ишга туширмасликка қарор қилган.
Каталонияликлар ҳам футболчини яна бир мавсумга ижарага олиш имкониятини инкор этмаяпти. "Манчестер Юнайтед" эса Рэшфордни тахминан 30 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Фикрлар