Самбо: Баҳодир Боқиев жаҳон чемпиони!
Сербиянинг Нови-Сад шаҳри самбо ва жанговар самбо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Қувонарлиси, ушбу чемпионатда ҳамюртларимиз ҳам муносиб иштирок этди. Жумладан, жанговар самбо бўйича 62 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳодир Боқиев барча рақибларини мағлуб этиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
У финалда россиялик Алесандр Салиховга қарши баҳс олиб бориб, унга ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Биз ушбу спортчимизнинг чемпионатга оид таассуротлари билан қизиқдик.
"Албатта, жаҳон чемпиони бўлганимдан ва юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қила олганимдан хурсандман. Жаҳон чемпионатида осон рақиб бўлмайди. Барчаси юқори савиядаги спортчилар эди. Шукрки, юзим ёруғ бўлиб, кўзлаган мақсадимга ета олдим. Қилган меҳнатимиз ўз самарасини берди. Бу борада бизга шароитлар яратиб берган Ўзбекистон самбо ассоциацияси раҳбариятига, мураббийларимизга ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан. Ўйлайманки, бундан кейинги мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан", - деди Боқиев.
Фикрлар