Самвел Бабаян қаҳрамонга айланади?!
Чемпионликни орзу қилиб келаётган “Навбаҳор” бу йил мақсадига эриша оладими-йўқми, билмадигу, лекин ҳозир клуб пешқадамлар сафида боряпти. 20 очко тўплаган клублар орасида мазкур жамоа ҳам бор-да. Бунгача сайтимиз орқали АГМК билан “Сўғдиёна” ҳақида ёздик. Энди навбат “Навбаҳор”га.
Ҳар гал бу клуб алоҳида мавзу бўлиб келган. Чунки доим бунга етарлича сабаблар топилади. Охирги йилларда чемпионлик учун астойдил курашга киришган-у, бироқ якунда бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Демак, бу масалада жамоага нимадир етишмаяпти. Раҳбарият барибир орқага чекинмади. Бу сафар азалий орзуси учун янада жиддий ҳаракатни бошлади. Кўзланган мақсадга эришиш йўлини Самвел Бабаян билан бирга босиб ўтишни тўғри йўл, деб топишди.
Мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнида селекция фаол тарзда олиб борилди. Чемпионатимиз миқёсида шов-шувли трансферларга қўл урилди. Кўзга кўринган, номдор футболчилар бирин-кетин “Навбаҳор” билан шартнома имзоладилар. Ҳаммаси оддий: Бабаян чемпионлик йўлида таркибни ўзи истагандек, шунга яраша шакллантирди. Бунинг учун раҳбарият ва айниқса вилоят ҳокими барча зарур шарт-шароитларни яратиб берди. Тан олиш керак, клубга таклиф этилган ўйинчиларнинг нархи қиммат туради. Шу боис уларни кўндириш ва келишиш осон эмас. Лекин Бабаян олдига қўйилган мақсадига эришиш учун таркиб ҳам кучли бўлишини хоҳлади ва шунга мослаб тажрибали футболчиларни “Навбаҳор”га кўндирди.
Чемпионат бошланишидан олдин “Навбаҳор” ҳам асосий рақобатчилар орасида тилга олина бошлади. Ана энди 10 та ўйин ўтказган жамоанинг имкониятлари ҳақида қисман тасаввурлар пайдо бўляпти. Бошқалар қатори наманганликлар ҳам битта кам ўйин ўтказишган ва шунинг эвазига 10 та учрашувда майдонга тушишди. “Олимпик” билан баҳси қолдирилган. Сабабини билсангиз керак.
Самвел Бабаян клуби ҳозирча 20 очкони қандай тўплади? Бунинг учун 6 та ғалаба ва 2 дуранг керак бўлди. Албатта, ёнида 2 та мағлубияти ҳам бор. Чемпионатда мағлубиятга учрамаган клублар ҳам бор, лекин бу “Навбаҳор” эмас. 4- ва 5-турларда мос равишда сафарда “Пахтакор”, Наманганда “Сўғдиёна”га ютқазиб қўйди. Қолган учрашувларда мухлисларини хурсанд қиляпти. Стадионда ишқибозларнинг фаол қўллаб-қувватлаши ҳам жамоанинг ғалабаларида муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.
Бундан ташқари, клуб Ўзбекистон Кубогидаги юришини ҳам давом эттирмоқда. Ўз гуруҳида муваффақияли натижага эришди ва аслида бу кутилган жараён эди. Боиси, “Навбаҳор” Ўзбекистон чемпионати билан бир қаторда Кубок мусобақасида ҳам маррани катта олган. Шу сабабли Бабаян Кубок беллашувларида ҳам асосий таркиб аъзоларига ишонч билдирди.
Дарвоқе, тўплар нисбати ҳақида. “Навбаҳор” бу борада бироз камтарроқ натижа кўрсатяпти. Рақиблар дарвозасига 12 та гол урган ва 6 та тўп олиб чиққан. Ҳисобларга қарайдиган бўлсак, энг кўпи билан бир ўйинда 2 та гол урди. 11-турда “Локомотив” устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. Бу ҳозирча наманганликларнинг Суперлигадаги энг катта ҳисобдаги ғалабаси бўлиб турибди. Қолган баҳсларда ҳам иккита тўп киритган пайтлар бўлди. Фақат унда ҳам битта тўп фарқи билан ютган. Бундан шуни билиш мумкинки, “Навбаҳор”га натижа жуда муҳимлиги сабабли шунга кўпроқ урғу қаратилмоқда. Бунинг устига Наманганда мухлисларнинг босими ҳам жуда катта. Бу эса ҳар қандай футболчининг ўйинига таъсир кўрсатиши мумкин.
Бабаян 1996 йилги натижани такрорлаш ниятида эканини айтди. Мавсум ҳали узун. Агар Самвел Вячеславович мухлисларнинг орзусини рўёбга чиқарса борми, Наманган қаҳрамонига айланади. Совринли ўринлардан бирини эгаллаш ҳам аслида клуб учун яхши натижа. Аммо улар келаси йили Осиё Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи. Бунинг учун ё чемпионлик ёки Кубокни ютиши керак-да...Бундан кейин ҳам Бабаян ва “Навбаҳор”ни кузатиш жуда қизиқ кечади, ишонинг!
Фикрлар