Самвел Бабаянга шаҳар бедарвозами?
Кеча ғалати иш бўлди. "Суғдиёна" - "Навбаҳор" ўйинидан (0:0) кейин ташкил этилган матбуот анжуманига кирдик.
Олдимда СА вакили Жаҳонгир Файзуллаев ўтирганди. У телефонидаги видеога олиш тугмачасини босди ва матбуот анжуманини видеога олишни бошлади. Шу пайт, ташқаридан қий-чув эшитилиб қолди. Табиийки, ҳамма нима бўлганига қизиқиб ташқарига чиқди.
Жаҳонгир қўлида "запис" босилган телефони билан кўчага йўл олди. У ерда Самвел Бабаян мухлис ("Суғдиёна"ники бўлса керак) билан "тўполон" кўтарган экан. Жаҳл устида "Навбаҳор" устозининг кўзи телефон кўтариб турган Жаҳонгирга тушди. Бирданига ҳамма заҳрини ҳамкасбимизга тўкиб соча бошлади. Куракда турмайдиган ҳақоратли сўзларга таҳдид ҳам қўшилиб кетди. Кейин, Самвел Бабаян атрофидагиларга журналистнинг телефонини тортиб олиш ва олган видеосини ўчириб ташлашни буюрди. Бирданига 3-4 та барзанги Жаҳонгирнинг телефонидаги ўзи истамай олган видеони ўчириб ташлади.
Тўғриси, жуда хунук иш бўлди. Майли, видеонинг тарқалиб кетмаслигига интилгани учун у ўзини оқлаши мумкин, бироқ Жаҳонгирни барчанинг кўз ўнгида ҳақорат қилишга уларнинг ҳаққи йўқ! "Лочинлар" устози ўз репутацияси учун кураш олиб борганини важ қилиб кўрсатиши мумкин, бироқ бундай вазиятларда дипломатик йўл билан ҳаммасини ҳал қилиш керак эди. Куч ишлатиш ёки кескин сўзлар билан эмас. ЎзПФЛ томонидан стадиондаги воқеаларни суратга олиш ҳуқуқи бор инсонга жисмоний босим қилиб, телефонини титкилаш ҳеч қандай ўлчовда оқлаб бўлмайдиган иш. Ўзи 2 ёки 3 тагина журналист кирадиган пресс-конференцияларни нима учун, ким учун ўтказишади аслида? Халқ ва футбол олами ўртасида кўприк вазифасини ўтаб бераётган журналистларнинг қадри шу даражада тушиб кетдими? Эртага кескинроқ савол берилса, кўплашиб дўппослашга тушиб кетишмайди, деб ким кафолат беради? Омон бўлсак, кўраверамиз.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар
Бошка хеч бир фойдали иш келмайди, тугри!