Санжар Шоаҳмедов: "Фаолиятимни тугатмаган эдим"
ПРО-Лигада иштирок этиши кутилаётган "Металлург" ўз таркибига қатор тажрибали футболчиларни жалб этди.
Шундай футболчилардан бири ўзбек футболи ишқибозларига яхши таниш бўлган Санжар Шоаҳмедов ҳисобланади.
Куни кеча ярим ҳимоячи билан шартнома имзоланганини эълон қилгандик.
Янги мавсумга тайёргарлик давом этаётган бир паллада Санжар Шоаҳмедовни клуб матбуот хизмати суҳбатга чорлади.
- Фаолиятингизда танаффус юзага келди ва мана энди сиз "Металлург"дасиз. Бунга нима сабаб бўлди?
- Бундай гапларни энди сиздан эшитмоқдаман. Лекин фаолиятимни тугатмаган эдим. Шунчаки, бироз дам олдим. "Металлург"дан таклиф бўлди. Жамоанинг режалари, ўз олдига юқори мақсад қўйганини билиб, жамоа сафига келиб қўшилдим. Футболга бефарқ бўлмаган бекободлик мухлислар бизни қўллаб-қувватлашларига ишонаман.
- Ўтган йили "Хоразм"да бир давра ўйнадингиз. Мана шу давр ҳақида нима дея оласиз?
- Хоразмга яхши ниятда боргандик. Имконият берилган ўйинларда ҳаминқадар ўйнадим. Ғалабаларга ҳисса қўшишга ҳаракат қилдим. Қолганига мухлислар баҳо бергани тўғрироқ бўлади.
- "Металлург"да шаклланаётган таркиб борасида нима дея оласиз?
- Жамоа ўз олдига Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган. Шунга мос равишда таркиб тажрибали футболчилар атрофида қурилмоқда. Шундай бўлса-да, сафимизда иқтидорли ёшлар ҳам бор. Машғулотларда, ўртоқлик учрашувларида улардан баъзилари ўзини кўрсатишга ҳам муваффақ бўляпти. Биз эса уларга тажрибамиздан келиб чиқиб, маслаҳатлар беришимиз, йўл-йўриқ кўрсатишимиз керак.
- Бундан бир неча йил аввал "Локомотив" клубидаги дебют мавсумингизда 12 та гол ура олгансиз. Янги мавсумда сиздан нечта гол кутсак бўлади?
- Ёдимда. Голларимнинг аксариятини Жасур Ҳасанов узатмасидан ургандим. Ўшанда умумий жамоа катта кўламдаги ишни амалга оширган эди. Аввалдан қандайдир аниқ сонни айтмаганим маъқул. Бўлажак мавсумда ҳам "Металлург" ғалабаларига самарали ҳаракатларим билан ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.
Фикрлар