“Сантос” Неймар сабаб ўйин натижаси бекор қилмоқчи
Неймар ўйнаётган “Сантос” Бразилия чемпионати А сериясининг 16-турида “Коритиба”га қарши ўз майдонида ўтказилган ўйин натижасини бекор қилишни талаб қилмоқда. Учрашув рақиб жамоасининг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
- Юридик бўлим 17 май куни Бразилия чемпионатининг 16-тури доирасида “Коритиба”га қарши ўтказилган ўйинни бекор қилиш талаби билан Олий спорт судига даъво аризаси киритганини маълум қилади.
Клубнинг фикрича, ҳакам Неймарга майдонда қолишга рухсат бермаганида ҳуқуқий хато содир этилган. Бу мураббийлар штаби кўрсатмаларига зид бўлган ва футболчиларни алмаштириш бўйича расмий протоколни бузган.
Баҳс мавзуси ўйиннинг техник ижроси ёки натижаси эмас, балки клуб манфаатларини ҳимоя қилиш ва ФИФА қоидаларига риоя этилишидир, - дейилади “Сантос” баёнотида.
Ҳодиса иккинчи бўлимнинг 19-дақиқасида содир бўлган. Неймар болдир мушагидаги муаммо сабаб унга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани учун майдон ташқарисида турган пайтда, тўртинчи ҳакам алмаштиришни кўрсатувчи таблони кўтарган: Неймар ўрнига Робиньо Жуниор майдонга тушиши керак эди.
“Сантос”дагиларнинг таъкидлашича, аслида Неймар эмас, балки Эскобар алмаштирилиши керак бўлган. Воқеадан ғазабланган Неймар майдонга қайтишга уринган ва шу сабабли сариқ карточка олган. Шундан сўнг, у тўртинчи ҳакамга берилганини айтган қоғозни кўрсатган, унда аргентиналик ўйинчини алмаштириш ҳақида маълумот бўлган. Ҳакамлар бригадаси ўз қарорини бекор қила олмагани сабабли, ҳужумчи ўйинни муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлган.

Фикрлар