Саудия Арабистони хавфли рақибми? Уларнинг заиф нуқталари қаер? "Саҳро лочинлари" ўйин услубини биргаликда таҳлил қиламиз!

  • 19 июнь, 2022, 12:08
  • Yahyoxo’ja Ulug’xo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон U23 жамоаси қитъа биринчилиги финалида Саудия Арабистони билан куч синашади. Беллашув олдидан "саҳро лочинлари"нинг имкониятларига баҳо беришнинг айни пайти! Хўш, ҳал қилувчи баҳсда тўқнаш келадиган жамоаларнинг қай бири ғолиблик учун асосий фаворит? Ал-Шеҳри шогирдларининг асосий заиф нуқталари қаер? Бугун шу ҳақида қисқача суҳбат қурамиз!

Ўйин услуби

sadasidjasid_1

Жуда содда ва шу билан биргаликда хавфсиз. 4-2-3-1 схемаси замонавий футболда тобора урфдан қолаётганига қарамай, ундан максимум наф чиқаришни уддалаётганлар топилмоқда. Саад Ал-Шеҳри шулар жумласидан, десак, адашмаган бўламиз. Асосий лидерлари икки қанотда жойлашгани ва кучли марказий ҳужумчига эга бўлгани боис, Саудия трансформация қилиш осонроқ бўлган схемадан воз кечмаган. Финалдаги рақибимиз турнирдаги ҳеч бир ўйинда 100 фоиз доминантлик қилмади. Улар рақибга ташаббусни топширади ва ҳотиржам ҳимояланади. Жамоанинг таянч зонасидаги икки футболчиси керакли паллада марказий ҳимоячига ҳам айланиши мумкин. Саад Ал-Шеҳри шогирдлари иккинчи рақам билан ўйнаса, билингки, қанот ярим ҳимоячилари исталган вақтда қарши ҳужумга ўтиб кетиши мумкин. Агар рақибнинг босими ортадиган бўлса, дарров синовдан ўтган "арабча" футболга мурожаат этилади. "Саҳро лочинлари" учун пастроқ темпдаги футбол қулайроқ. 90 дақиқанинг айрим қисмларидагина фаоллик кўрсатадиган жамоа кучни тўғри тақсимлаш мақсадида камдан кам ҳолларда катта куч билан олдинга ташланади. Бундай футбол жуда зерикарли, бироқ Саудия Арабистони учун айни муддао! Улар катта босим остида ўтадиган, шиддатли футболда асосий қуролидан айрилиб қолиши, техник хатоларга кўп йўл қўйиши мумкин. Бизнинг йигитлар финалда ғалаба қозониш учун биринчи навбатда Саудияни ўзи учун қулай бўлган "комфорт зонаси"дан чиқариб олиши талаб этилади. Ана шунда, "саҳро лочинлари" олдинга ўтиши ва катта ҳудудни бўш қолдиришига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Кучли ва кучсиз жиҳатлари

Бу кулгили эшитилиши мумкин, аммо Саудия Арабистони терма жамоасининг дарвозабони қолган позициялардаги футболчилардан класс жиҳатдан анча орқада. Бу муаммо жамоанинг мусобақа давомида бирорта гол ўтказмаган фонида сезилмай кетгани аниқ. Узоқдан берилган зарбалар, позициясини ташлаб олдинга чиқиш ва тўп билан оёқда муомала пайтида муаммолар анчагина аниқ кўринади. Ҳозирча, бу камчиликлар мустаҳкам мудофаа ва жуда қулай рақиблар сабабли кўзга ташланганича йўқ. Катта эҳтимол билан, бугунги стадион атмосфераси кучли прессинг Наваф Ал-Ақидини шошириб қўйиши тайин! Шу ўринда Саудиянинг ҳимоя чизиғи ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш шарт. Юртимизда кечаётган мусобақадаги энг жисмоний бақувват ҳимоя чизиғига эга бўлган рақибларимиз бир қарашда қўрқинчли кўриниши мумкин, аммо замонавий футболда 2 метр бўй аллақачон иккинчи планга ўтиб кетган. Кучли босим ва комбинацион футбол "манёвр" қилишга қийналадиган атлет йигитларни "ўйиндан ташқарида" қолишига сабаб бўлмоқда. Бугунги рақибимизнинг мудофаа марказида ҳам шу муаммо бор. Улар бизнинг йигитлардан анчагина йирик бўлишига қарамай, биринчи пас ҳамда бир чизиқда ўйнаш борасида устаси фаранг эмас. Олдиндаги ҳужум учлигимиз асосий эътиборни майда паслар ва тезликка қаратса, Ал-Шеҳри шогирдлари асосий қуролидан айрилиб қолиши турган гап. Эътиборлиси шундаки, финалга қадар босим ўтилган йўл икки жамоада тамомила икки хил. Кападзе шогирдлари аввалига анти-футбол устидан (Ироқ) зафар қучган бўлса, кейин яхши шаклланган жамоани (Япония) таслим этди. Саудия Арабистони эса, жисмонан икки баробар кучсизроқ бўлган Вьетнамни енгди. Кейин, бир киши кўп бўлиб "кенгрулар"ни ярим финалда қолдириб кетди. Тўғри, жамоанинг камчиликлари етарли, бироқ кучли томонлари йўқ эмаслиги ҳам ҳақиқат.

3r02o023or23

Биринчи навбатда, таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатишга қодир ижрочилар борлигини кўрсатиш лозим. 7-рақамдаги Айман Яҳё Аҳмадни алоҳида эътироф этиш лозим! Қанот вингери бўлишига қарамай, керакли паллада марказга қараб рейд амалга ошириши мумкин. У нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам чинакам етакчи. Қанот ҳимоячиларимиз уни персонал қўриқлаши шарт. Шунингдек, рақиб таркибида иккита бир хил кучга эга марказий ҳужумчининг бор эканлиги Саад Ал-Шеҳри учун қулайлик яратади. Катта куч билан прессинг қилмаслик учун ҳам мутахассис марказий форварддан интенсив бўлишни талаб этади. Шу боис, 19-рақамдаги Абдуллоҳ Ҳади Радиф ва 9-рақам эгаси Фарис Тариқ ҳам бирдек хавфли. Жисмонан бақувват йигитлар иккинчи қаватда фаол бўлибгина қолмай, тўпсиз ҳаракатдаги энг муҳим фигуралар саналади.

Хулоса ўринда

k23otk23okt2o3kt

Финалдаги рақибимиз даражада борасида биздан бирозгина пастда бўлиши мумкин, аммо ўта эҳтиёткорлиги боис финалга қадар етиб келди. Ҳеч бир ўйинда катта куч сарфламади, ортиқча талофатларсиз ҳал қилувчи баҳсда иштирок этмоқда. Якунда ғолибликни қўлга киритиш учун барчасини остин-устун қилиб ташлаш, илк дақиқалардан кучли прессинг билан босим уюштириш талаб этилади. Агар биринчи голни илк 45 дақиқаликда киритсак, марра бизники. Саудия Арабистони ўйинини қайта қуришга мажбур бўлади. Ҳозирча, Осиё кубогидаги бирорта терма уларни "Б" режага ўтиб ҳаракат қилишга мажбурлай олгани йўқ. Буни биз уддаласак, билингки, олтин медаллар ўзбек қора кўзлари бўйнида турибди! Барчаси, Темур Кападзе шогирдларининг ўзига боғлиқ. Саудия бирор бир аспкетда биздан олдинда эмас. Энди буни майдонда исботлаш қолди, холос!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!