Сербия журналистдан норози
Сербия футбол иттифоқи УЕФАни "Евро-2024" чемпионатида сербиялик мухлисларга икки бошли бургут ишорасини кўрсатган косоволик журналистни жазолашга чақирди. Бу ҳақда Сербиянинг "Tanjug" агентлиги хабар берди.
“Сербия футбол иттифоқи УЕФАдан серб мухлисларини ғазаблантирган косоволик журналистни жазолашни ва аккредитациядан маҳрум қилишни талаб қилди. Журналист Арлинд Садику Англия – Сербия ўйини арафасида сербиялик мухлислар кўз ўнгида жонли эфирда қўлларини букиб, Буюк Албания деб аталадиган давлат рамзи бўлган "икки бошли бургут"ни кўрсатди”, - дейилади ФСС матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, "Евро-2024" гуруҳ босқичининг Англия ва Сербия терма жамоалари ўртасидаги учрашуви бир кун аввал, 16 июнь куни бўлиб ўтганди. Учрашув Англия терма жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. "С" гуруҳида Сербия ва Англиядан ташқари Словения ва Дания ҳам бор.
Фикрлар