Сергей Арслонов: Чемпионатда оддий рақиб қолмади
Cоcа-Cоlа Суперлига 20-турида меҳмонда “Бунёдкор”ни мағлуб этган “Сурхон” клуби бош мураббийи Сергей Арслонов ғалаба ҳақида фикр билдирди.
“Йигитлар ажойиб ҳарактер намойиш эта олишди. Бугунги ғалаба уларнинг ғалабаси. Рақиб жуда кучли ва даражаси юқори жамоа. “Қизилқум”га қарши ўйиндаги салбий натижадан сўнг бугун ютишимиз керак эди. Буни уддаладик. Ҳозир ҳар бир очко муҳим. Мухлисларимиз ҳар бир ўйинда бизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Ғалабада уларнинг ҳиссаси беқиёс”, - деди Арсланов.
“Рақиб танламаймиз. Ҳар бир рақибга муносиб тайёрланамиз. Чемпионатда оддий рақиб қолмади. Жамоаларнинг даражаси анча ўсди. Исталган рақиб исталган жамоани ютиши мумкин. Топ клуб деган жумла ҳозир йўқ. Бугун ғалаба учун ўйнадик. Қисқа танаффусга яхши кайфиятда чиқиб кетмоқдамиз”.
“Рақиб ўйини ҳақида фикр билдириш ноқулай. Бу ҳақда уларнинг мураббийи фикр билдирса мақсадга мувофиқ бўларди. Айтишим керакки, кучли ва исталган рақибга муносиб қаршилик қила олади. Улар кучли жамоаларга қарши баҳсларда сўнгги дақиқаларда ўйинни олиб чиқиб кета олишган. Бу уларнинг савиясини кўрсатиб турибди. “Бунёдкор” бугун ҳам буни исботлади. Шунчаки, омад биз томонда бўлди дейиш мумкин”.
“Чемпионат даражаси анча кучайгани факт. Бу мавсум ҳали бирорта ўйинда осон ғалаба қозонмадик. Барча ўйинлар бизни тер тўкишга мажбур қилаяпти”.
Фикрлар